
Самарқанд вилояти учун энг муҳим сув манбаи саналган Зарафшон дарёсидан келаётган сув ҳажми йил сайин қисқариб бораётгани 25 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ургутда ўтган сессияда маълум қилинди. Бу ҳолат қишлоқ хўжалиги ва ирригация тизимига жиддий босим ўтказмоқда.
Сув камайиши оқибатида ер ости сувларидан фойдаланиш даражаси 2 баробарга ортган. Шу боис келаси йили камида 30 минг гектарда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш зарурлиги айтилди. Фермерлар учун томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш бўйича кредит ставкалари 14 фоиздан 10 фоизга туширилади, пахта майдонлари учун ҳар гектарига 12 миллион сўм субсидия ажратилади.
Сувдан самарали фойдаланиш бўйича янги тизим жорий этилади: сув солиғидан тушган маблағлар тўлиқ туман сув корхоналари ихтиёрида қолиб, ариқ ва каналларни бетонлаштиришга сарфланади. Бунинг ҳисобига ҳар йили 1 минг км тупроқ канал бетон қопламага ўтказилади.
Сессияда Ургут тумани ерлари бўйича ҳам маълумот берилди: 112 минг гектар майдоннинг 12 минг гектари суғориладиган ерлардир. Бу йил 2 минг гектар ғалла ва 3,5 минг гектар тамаки ерлари мева-сабзавотга ўтказилмоқда. Янгидан қўшилаётган 5,5 минг гектарда экспортбоп маҳсулотлар етиштирилади. Масалан, 3 минг гектарда оқ кишмиш етиштирилса, туманда 80 миллион долларлик майиз экспорти шаклланади.
Шунингдек, Ургутдаги 500 гектар тоғ-олди ҳудудларида саноатлашган узумзорлар ташкил қилиниб, аҳолига 10 гектардан тақсимланиши таклиф қилинди. Иштихонда эса келаси йил 2 минг гектар қир-адирда шунга ўхшаш узумзорлар ташкил этилади.
Ушбу ерларни сув билан таъминлаш учун 50 та артизан қудуғини қазиш ва 15–20 киловаттли қуёш панеллари ўрнатиш учун 30 миллиард сўмлик арзон ресурс ажратилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.