
Президент фармойишига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат идораларини тўлиқ рақамлаштириш ва фаолияти самарасини оширишга йўналтирилган “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури ҳаётга татбиқ этилади. Дастурнинг асосий мақсади — давлат хизматларини соддалаштириш, ортиқча расмиятчиликларни қисқартириш ва коррупция хавфини минималлаштириш орқали "қоғозбозликдан эмас, натижадан манфаатдор бўлган" замонавий, очиқ ва инсонпарвар тизимни шакллантиришдир.
Асосий мақсад: Аҳоли ва бизнес манфаати
Фармойиш билан Дастурнинг бир қатор муҳим вазифалари белгилаб қўйилди. Улар орасида: аҳолининг турмуш сифатини давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали тубдан яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатнинг хорижий инвестициялар учун жалб қилувчанлигини ошириш бор. Шунингдек, рақамли бошқарув соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни йўқ қилиш ҳам асосий мақсадлар ҳисобланади.
Zero Bureaucracy ва Махсус Марказ
Дастур ижросини мувофиқлаштириш учун Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида Махсус лойиҳа маркази тузилади. Бу марказ халқаро ҳамкорлар билан Дастурни амалга ошириш, “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва йиллик натижалар бўйича Президентга ахборот тақдим этишга масъул бўлади. Бутун жараён, жумладан, бюрократияни қисқартиришга оид таклифларни кўриб чиқиш ва самарадорликни баҳолаш Zero Bureaucracy номли рақамли платформа орқали амалга оширилади.
Қаттиқ назорат ва шахсий жавобгарлик
Фармойишда чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш учун давлат ташкилотларининг биринчи раҳбарларига шахсий жавобгарлик юклатилди. Агентликка бир ой муддатда лойиҳа офиси фаолиятини йўлга қўйиш ва Миллий мукофот танловини ўтказиш регламентини ишлаб чиқиш вазифаси берилди. Дастур ижросини умумий мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Президентнинг маслаҳатчиси Сардор Умрзоқовга топширилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.