
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мамлакат куч тузилмалари раҳбарлари билан ўтказган ишчи йиғилишида гиёҳванд моддалар савдоси ва унга боғлиқ жиноятчиликка қарши курашиш бўйича янги босқич бошланганини маълум қилди. Йиғилишда мавжуд таҳдидлар таҳлил қилиниб, муаммони бартараф этиш учун тезкор ҳамкорлик механизмларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Маълумотларга кўра, гиёҳванд моддалар айланиши, жиноий гуруҳлар фаолияти ва ноқонуний қурол-яроғ муомаласи сўнгги йилларда жиддий хавотир уйғотаётган йўналишлардан бирига айланган. Мирзиёева масъул раҳбарлардан бу борада аниқ натижа берадиган тизимни йўлга қўйишни талаб қилди.
Йиғилишда наркожиноятчиликка қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган, самарали ва тезкор ишлайдиган ягона механизмни қисқа муддатда шакллантириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида маълумот алмашиш, операцияларни мувофиқлаштириш ва профилактик тадбирларни кучайтириш муҳим экани таъкидланди.
Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, давлатнинг бу борадаги сиёсати жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз ёндашувни назарда тутади. Янги чора-тадбирлар эса аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва давлатнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.