date

Ўзбекистонда маҳаллий тезюрар поездлар ишлаб чиқарилади

Ўзбекистонда маҳаллий тезюрар поездлар ишлаб чиқарилади

Ўзбекистон яқин йилларда ўзининг илк маҳаллий тезюрар поездларини ишлаб чиқара бошлаши кутилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳматов маълум қилди.

27 ноябрь куни Тошкентда ўтган Транскаспий йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича йирик форум доирасида Раҳматов журналистларга темирйўл тармоғидаги стратегик режалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Унинг айтишича, хорижий шериклар билан маҳаллий заводда тезюрар поездлар ишлаб чиқариш бўйича музокаралар деярли якунланган. “Қарор яқин кунларда чиқади. Биз бу поездларни дунёнинг етакчи мамлакатларидан бирининг компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни мақсад қилганмиз. Ишлаб чиқаришни 2027-йилда бошлаймиз”, деди у.

Раҳматовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда тайёрланадиган янги тезюрар поездлар импорт қилинганларига нисбатан анча арзон тушади. Бунинг бир неча сабаблари бор: маҳаллий мутахассисларнинг юқори малакаси, технологияларни ўзлаштириш имконияти ва солиқ тушумларининг мамлакат ичида қолиши.

“Темирйўл мутахассисларимиз ҳақиқатан ҳам жаҳон даражасида. Нега поезд ишлаб чиқармаслигимиз керак? Жараён бошланса, кадрларимиз янги билим олади, инновацияга интилади. Кейинчалик бу поездларни фақат Ўзбекистонда эмас, балки Марказий Осиё, Кавказ ва МДҲ мамлакатларига ҳам экспорт қилишни режалаштиряпмиз. Чунки бизнинг маҳсулот халқаро стандартларга жавоб беради”, деди Раҳматов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ишлаб чиқармоқчи бўлган даражадаги тезюрар поездлар ҳозирча МДҲда фақат Россияда бор, лекин улар ҳам кўзда тутилган замонавий талаб даражасида эмас. Маҳаллий ишлаб чиқариш орқали поездлар нархи чет элдан харид қилишдан камида 10–15 фоиз арзон бўлади.

Шунингдек, корхоналарда иш ўринлари яратилади, экспорт ҳисобига валюта тушуми ошади. Ҳозирча йиллик қувват сифатида 10 та тезюрар поезд ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда маҳаллий тезюрар поездлар ишлаб чиқарилади