Президент энергетикада янги босқични эълон қилди — инвесторлар учун тайёр лойиҳалар

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичини эълон қилди, бунда ҳар бир сармоя янги қувват яратиш билан бирга тармоқ ишончлилигини ошириши ва йўқотишларни камайтириши зарур.
- Эндиликда инвесторларга ер майдони, тармоққа уланиш нуқтаси ва сотиб олиш кафолати аниқ бўлган тайёр лойиҳалар тақдим этилади, шунингдек, умумий қуввати 2 200 MW бўлган 6 та қуёш ва шамол стансияси лойиҳаси очиқ танловга чиқарилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика тармоғининг маҳаллий ва халқаро инвесторлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Давлат раҳбари соҳада кўп йиллик тажриба тўпланганини таъкидлаб, эндиликда ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишини эълон қилди: ҳар бир сармоя янги қувват яратиш билан бирга, тармоқ ишончлилигини ошириши ва йўқотишларни кескин камайтириши шарт.
Эндиликда мамлакатда қайси ҳудудга қандай қувват зарурлиги марказлашган ҳолда олдиндан режалаштирилади ва инвесторларга ер майдони, тармоққа уланиш нуқтаси ҳамда сотиб олиш кафолати аниқ бўлган тайёр лойиҳалар очиқ танлов орқали тақдим этилади.

Энергетикадаги янги стратегия: «Алоҳида станциялар эмас, боғланган тизим»
Аввалги босқичда «яшил» қувватларни тезроқ ишга тушириш мақсадида кўпинча инвесторлар таклиф этган майдонлардан фойдаланилган эди. Бу кўплаб сармояларни жалб этган бўлса-да, маълум ҳудудларда қувват тўпланиб, электрни бошқа жойларга узатиш харажатларини оширди:
Президент позицияси: «Бизга алоҳида-алоҳида электр станциялари эмас, узвий боғланган энергетика тизими керак», — дея қатъий таъкидлади давлат раҳбари;
Тенг ва шаффоф шартлар: Танловга қўйиладиган ҳар бир лойиҳа бўйича ер, уланиш муддати, тўлов тартиби ва тарифлар аввалдан очиқ эълон қилинади;
2 200 МВтлик янги танлов: Яқин кунларда умумий қуввати 2 200 мегаватт бўлган 6 та қуёш ва шамол станцияси лойиҳаси очиқ танловга чиқарилади.

2030 ва 2050 йилгача бўлган стратегик мақсадлар
Соҳанинг яқин ва узоқ истиқболдаги ривожланиш траекторияси қуйидаги кўрсаткичларда ўз аксини топмоқда:
2030 йил марралари: 22 минг мегаватт янги қувват яратилиб, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 129 миллиард кВт/соатдан ошади, «яшил» энергия улуши эса 54 фоизга етказилади;
2050 йилгача Миллий бош режа: Илк бор соҳанинг 2050 йилгача бўлган Миллий бош режаси ишлаб чиқилмоқда. 1 мартгача уланиш имкониятлари харитаси, 1 июлгача эса тўлиқ бош режа оммага очиқланади;
Тармоқлар ва батареялар (4,5 ГВт): 2030 йилгача 5 минг км тармоқ, 16 та йирик подстанция қурилади ҳамда энергия сақлаш қувватлари 4,5 гигаваттга етказилади.

Дата-марказлар, сунъий интеллект ва «яшил» экспорт
Энергия истеъмоли жадал ўсаётган янги йўналишлар ва ташқи бозорлар бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди:
Сунъий интеллект инфратузилмаси: Дата-марказлар ва IT инфратузилмалар учун «яшил» энергия, тармоқ ва ер майдонлари олдиндан ажратилади. Уларда узлуксиз таъминот ва совитиш тизимлари мукаммал режалаштирилади;
Европа ва Жанубий Осиёга экспорт: Озарбойжон ва Қозоғистон билан Каспий денгизи туби орқали Европага «яшил» электр етказиб бериш лойиҳаси амалий босқичга ўтди; Афғонистон ва Жанубий Осиё йўналиши ҳам фаоллашади;
10 йиллик солиқ имтиёзлари: Энергия сақлаш қурилмалари (аккумуляторлар) билан бирга уларнинг подстанцияси ва инфратузилмасига ҳам ер ва мол-мулк солиғи бўйича 10 йиллик имтиёз тўлиқ татбиқ этилиши Солиқ кодексида мустаҳкамланади.
Шунингдек, Самарқандда хусусий секторга берилган тақсимлаш тармоқлари тажрибаси Жиззах ва Тошкент вилоятларида ҳам жорий этилиб, йўқотишлар кескин камайтирилади.































Изоҳлар 0
…