date

Ўзбекистоннинг 38 университети “яшил” дунёнинг топ-1000 талик рўйхатига кирди

Ўзбекистоннинг 38 университети “яшил” дунёнинг топ-1000 талик рўйхатига кирди

Ўзбекистондаги 38 та олий таълим муассасаси халқаро экологик барқарорлик бўйича дунёнинг энг нуфузли — топ-1000 талик UI GreenMetric рейтингида ўз ўрнини эгаллади. Бу ҳақида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати қўшимча маълумот тарқатди.

5 декабрь куни Тайванда UI GreenMetric 2025 халқаро экологик барқарор университетлар рўйхатининг расмий натижалари эълон қилинди. Ушбу тадқиқотда жаҳоннинг 105 мамлакатидаги 1745 та университет иштирок этди. Улар орасида Ўзбекистондан 79 та ОТМ қатнаштирилди ва шуларнинг 38 таси муваффақиятли равишда дунёнинг “яшил” топ-1000 талигига кирди.

Вазирлик таъкидлашича, мамлакатда 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб белгиланиши билан уйғун ҳолда, миллий университетларнинг экологик ташаббуслардаги иштироки кескин фаоллашган. Муассасаларда амалга оширилаётган ўзгаришлар — барқарор инфратузилма, ресурс тежамкорлик, яшил маконларни кўпайтириш ва халқаро стандартларга йўналтирилган стратегиялар — юксак баҳоларга сазовор бўлган.

Расмий маълумотда шундай дейилади:

“UI GreenMetric 2025 натижалари — университетларимизда экологик жавобгарлик ва инновацион ёндашувни мустаҳкамлаш борасидаги қатъий қадамларимизнинг ёрқин тасдиғи ҳисобланади.”

Маълумот ўрнида, UI GreenMetric — 2010 йилдан буён Индонезия университети томонидан ўтказиладиган глобал экологик рейтинг бўлиб, у олийгоҳларнинг атроф-муҳитга оид сиёсатлари, энергия тежаш дастурлари, чиқиндиларни қайта ишлаш, яшил инфратузилма ва таълим-илмий фаолиятдаги экологик ёндашувларини баҳолайди.

Ўзбекистон университетларининг бундай натижаси мамлакатдаги “яшил” ислоҳотларнинг амалда самара бериб бораётганидан далолат беради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистоннинг 38 университети “яшил” дунёнинг топ-1000 талик рўйхатига кирди