
2025 йил 12 декабр куни «Тинчлик ва ишонч» халқаро форумида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев минтақада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, можароларни мулоқот ва музокаралар орқали ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади.
Форумда президент Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга самимий қабул ва анжуманни юксак даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Туркманистон қардош халқи Доимий бетарафлик эълон қилинганининг 30 йиллиги билан табрикланди.
Давлат раҳбари мазкур форумни тинчликсеварлик ғояларини илгари суриш, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш ҳамда долзарб халқаро масалаларга музокаралар йўли билан ечим излаш учун муҳим сиёсий платформа сифатида баҳолади.
Нутқда Туркманистоннинг доимий бетарафлик сиёсати суверенитетни ҳурмат қилиш ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларини фаол тинчликпарвар дипломатия билан уйғунлаштириш мумкинлигини намоён этаётгани қайд этилди. Президент Ашхободда БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия минтақавий маркази фаолият юритаётганини бунинг яққол далили сифатида кўрсатди.
Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» учун жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш фундаментал қадриятлар эканини таъкидлаб, умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамлик бўйича Самарқанд ташаббуси илгари сурилганини эслатди. Унга кўра, тинчлик, тотувлик ва барқарор тараққиёт учун интилувчи барча томонларни мулоқотга жалб этиш асосий мақсад этиб белгиланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги даврида тинчлик ва зўравонликдан холилик маданиятини қўллаб-қувватлаш, давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ҳамда жаҳонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини қарор топтиришни устувор йўналиш сифатида белгилаш режалаштирилаётгани айтилди.
Президент, шунингдек, 2027 йилни «Превентив дипломатия йили» деб эълон қилиш ташаббусини илгари суриш нияти борлигини билдириб, унинг доирасида конференция ва форумлар, парламент, жамоат ва ёшлар делегацияларининг ўзаро алмашувларини қамраб оладиган тадбирлар дастури қабул қилиниши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Нутқда Туркманистоннинг 2025 йилни «Халқаро тинчлик ва ишонч йили» деб эълон қилиш таклифи жаҳон ҳамжамиятининг долзарб эҳтиёжларига мос келиши қайд этилди. Ўзбекистон мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюцияси ҳаммуаллифи бўлгани таъкидланди.
Марказий Осиёда ўзаро ишонч, ҳурмат ва жипслик тамойиллари минтақани тинчлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик маконига айлантириш сиёсати асоси экани алоҳида таъкидланди. Давлат раҳбари ўтган ой Тошкентда ўтган минтақа давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатларга тайёрликни яна бир бор намоён этганини қайд этди.
Форум доирасида гуманитар ҳамкорликни кучайтириш ташаббуслари ҳам илгари сурилди. Хусусан, келгуси йили Тошкентда ижодий жамоалар, олимлар ва адиблар иштирокида «Маданиятлар мулоқоти» қўшма халқаро гуманитар форумини ташкил этиш, шунингдек, ёшларни тинчлик ва ишонч жараёнларига жалб қилишга қаратилган «Ёшлар тинчлик ва ишонч йўлида» минтақавий дастурини жорий этиш таклиф этилди.
Якунда Шавкат Мирзиёев тинчлик ва ишонч умумий фаровонликнинг асоси эканини таъкидлаб, Ўзбекистон адолатли ва барқарор жаҳон тартиботини барпо этишга бундан буён ҳам амалий ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди. Президент форум иштирокчиларига сермаҳсул фаолият, Туркманистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.