
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 15 декабрь куни масъул раҳбарлар иштирокида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонликка қарши курашни кучайтириш, шунингдек, эрта ҳомиладорлик сабаблари ва унинг олдини олиш масалаларига бағишланган муҳим йиғилиш ўтказди. Учрашувда жамият учун ўта долзарб бўлган муаммолар очиқ ва кескин муҳокама қилинди.

Саида Мирзиёева ўз чиқишида Ўзбекистон Марказий Осиёда оилавий зўравонликка қарши қонун қабул қилган илк давлат эканини таъкидлади. Шу билан бирга, болаларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун жавобгарлик ҳам сезиларли даражада кучайтирилгани қайд этилди. Бироқ бу қадамлар билан чекланиб қолиш мумкин эмаслиги, амалда янада самарали механизмлар зарурлиги алоҳида урғу билан айтилди.

«Зўравонлик ҳолатларига қарши тезкор ва ишончли чора кўрадиган самарали тизимни ишлаб чиқиш керак», — деди у. Таъкидланишича, кўп ҳолларда ҳақиқий вазият кўзга ташланмайди, кўп нарса яширилади. Статистик маълумотларни очиқлашдан қўрқиш, жамоатчилик танқиди ва обрўга путур етишидан хавотирланиш муаммони янада чуқурлаштиради.
Саида Мирзиёева масъул раҳбарларни бу каби ёндашувдан воз кечишга чақириб, очиқлик ва масъулиятсиз ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, танқидни қабул қилиш ва муаммоларга кўз юммасдан қараш — ҳақиқий ислоҳотлар учун зарур шарт.

«Зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз кураш, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш фақат шиорларда эмас, амалда намоён бўлиши шарт. Инсон тақдири ҳар қандай статистикадан минг карра муҳимроқ», — дея ёзди Саида Мирзиёева.
Бу баёнот давлат сиёсатида инсон қадри, айниқса энг ҳимояга муҳтож қатлам — аёллар ва болалар манфаатлари устувор эканини яна бир бор кўрсатди. Мутахассислар фикрича, айнан шу каби қатъий ва очиқ позиция жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.