date

Тошкентда миллиардлик янги city лойиҳалари бошланмоқда

Тошкентда миллиардлик янги city лойиҳалари бошланмоқда

Тошкент шаҳрида шаҳарсозлик ривожининг навбатдаги йирик босқичи бошланмоқда. 16 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев пойтахт ҳудудида бир қатор улкан инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини маълум қилди. Улар орасида энг йирикларидан бири — Uchtepa City мажмуаси ҳисобланади.

Маълум қилинишича, мазкур лойиҳа Учтепа туманида 37 гектар майдонни қамраб олади. Унинг умумий қиймати 1 миллиард долларни ташкил этиб, ҳудудда замонавий инфратузилмага эга янги шаҳар муҳити яратилади. Лойиҳа доирасида юқори даражадаги меҳмонхона, йирик бизнес марказлари, савдо ва кўнгилочар мажмуалар, шунингдек, замонавий апартаментлар қурилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, пойтахтнинг Чилонзор, Яккасарой ва Олмазор туманларида ҳам шунга ўхшаш кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилади. Ушбу ҳудудларда жами қиймати 2,5 миллиард долларга тенг бўлган city форматдаги янги лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Президент ахборотига кўра, Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Миробод ва Яшнобод туманлари эса инновацион ривожланиш марказларига айланади. Бу ҳудудларда сунъий интеллект, стартап экотизими, финтех, молия, тиббиёт ва таълим соҳаларига ихтисослашган 1 миллиард долларлик лойиҳалар ишга туширилади.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай инвестициявий ташаббуслар Тошкентнинг иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва шаҳар аҳолиси учун замонавий, қулай муҳит шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Пойтахт эса босқичма-босқич Марказий Осиёдаги энг илғор мегаполислардан бирига айланиб бормоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда миллиардлик янги city лойиҳалари бошланмоқда