
Президент Шавкат Мирзиёев Япония бош вазири Санаэ Такаичининг таклифига биноан 18–20 декабрь кунлари расмий ташриф билан Японияда бўлади. Ташриф доирасида давлат раҳбари «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти давлат раҳбарларининг биринчи саммитида иштирок этади. Ушбу сафар Ўзбекистон–Япония муносабатларини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Ташриф дастури жуда сермазмун. Токио шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев Япония императори Нарухито, бош вазир Санаэ Такаичи, парламент раҳбарияти, ҳукумат аъзолари, етакчи сиёсий партиялар вакиллари ҳамда нуфузли университетлар ректорлари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказади. Бу мулоқотларда икки давлат ўртасидаги ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари асосий эътибор марказида бўлади.
Учрашувлар кун тартибидан Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ўрин олган. Томонлар сиёсий, иқтисодий, илмий ва маданий алоқаларни янги мазмун билан бойитиш имкониятларини муҳокама қилади.
Ишбилармонлик дастури доирасида Япониянинг йирик компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Уларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилади. Сафар якунида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган муҳим ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев шунингдек «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида ўтадиган биринчи саммитда иштирок этади. Ушбу тадбирда «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш, барқарор тараққиёт, транспорт ва логистика боғлиқлиги, минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон капитали салоҳиятини ошириш каби устувор йўналишлар муҳокама қилинади.
Саммит якунларига кўра, Токио декларациясини қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, у Марказий Осиё давлатлари билан Япония ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.