
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги меъёрлар жорий этилди. Эндиликда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёнида ногиронлиги бўлган шахслар учун мос шарт-шароитлар яратиш масаласи алоҳида ва мажбурий бўлим сифатида акс эттирилиши шарт. Агар бундай талабга риоя қилинмасдан, эксперт ташкилотлар томонидан ижобий хулоса берилса, бу ҳолат маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонунчиликка киритилган ўзгаришларга кўра, ушбу турдаги қонунбузарлик учун айбдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 70 бараваригача жарима солиниши белгиланди. Бу меъёр шаҳар инфратузилмасини барча аҳоли қатламлари учун очиқ ва қулай қилишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Инсон” марказлари ҳамда Агентлик ҳузуридаги Ижтимоий инспекция ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки улар қўяётган талабларни бажармаслик ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай ҳолатда фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача жарима қўлланиши назарда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун қонунларда белгиланган имтиёзлар ва кафолатларни таъминламаслик ҳам жазосиз қолмайди. Бу турдаги қоидабузарлик учун мансабдор шахслар ва хизматчиларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланди.
Яна бир муҳим янгиликка кўра, Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоларига ҳомий ташкилотлар томонидан солиқ даври мобайнида тўғридан-тўғри пул кўринишида берилган хайрия маблағлари (БҲМнинг 100 бараваригача) даромад солиғидан озод этилди. Бу қарор эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашда ҳомийлик фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилувчи жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи амалдаги ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилади.
Шу билан бирга, айрим қонунларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш мақсадида маълумотларга ишлов бериш ваколатини беришни назарда тутувчи қоидалар ҳам киритилди. Бу ўзгаришлар ижтимоий ҳимоя тизимини янада самарали, очиқ ва инсон манфаатларига йўналтирилган ҳолда ташкил этишга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.