
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш янада соддалашади. Янги тартибга кўра, бизнес субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили амалга оширилади. Бу янгилик тадбиркорлар учун вақт ва ресурсларни тежашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Янги тизимнинг энг асосий жиҳати — хизматларни композит, яъни бир вақтнинг ўзида тақдим этиш имкониятидир. Энди тадбиркор давлат рўйхатидан ўтиш жараёнида бир неча алоҳида босқичлардан ўтишга мажбур бўлмайди, аксинча, зарур хизматларни ягона жараён доирасида олади.
Қонунчиликка мувофиқ, 2026 йилдан эътиборан тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш пайтида қуйидаги хизматлар параллел равишда тақдим этилади: электрон рақамли имзо калитини олиш, банк ҳисобварақларини очиш ва фаоллаштириш учун ариза юбориш, айрим фаолият турлари бўйича лицензия ёки рухсатнома учун мурожаат қилиш, кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш, ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш, онлайн назорат-касса машиналарини харид қилиш ва солиқ органларида ҳисобга қўйиш, шунингдек, юридик шахс раҳбарини тайинлаб, уни “Ягона миллий меҳнат тизими”да рўйхатга олиш.
Муҳими, тадбиркор ушбу хизматларнинг барчасидан мажбурий равишда фойдаланиши шарт эмас. Ҳар бир хизмат ихтиёрий бўлиб, фақат танланган хизматлар учун тўлов амалга оширилади. Яна бир қулай жиҳати — барча тўловлар ягона QR-код орқали бажарилиши мумкин бўлади.
Мутахассислар фикрича, ушбу янгилик бизнес муҳитини янада яхшилаш, янги тадбиркорларни рағбатлантириш ва “соатлаб навбат кутиш” даврига барҳам беришга хизмат қилади. Қисқаси, янги тизим тадбиркорликка киришни тез, қулай ва замонавий қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.