
Бир йил давомида сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди. Тергов давомида аниқланишича, ушбу ноқонуний фаолиятда Давлат хизматлари марказининг бир нафар ходими ҳам иштирок этган. Улар 72 нафар фуқарога қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб бериб, бунинг эвазига жами 616 миллион сўм миқдорида ноқонуний даромад олган.
Жиноий гуруҳ фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномасини икки хил усулда расмийлаштириб берган. Биринчи ҳолатда, 500–1000 АҚШ доллари эвазига эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари қўлбола тарзда тайёрланиб, пора бериш орқали янги намунадаги гувоҳномаларга алмаштирилган. Иккинчи усулда эса, 10 минг АҚШ долларигача бўлган маблағ эвазига Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари номидан сохта маълумотномалар ва QR-кодлар тайёрланган.
Мазкур сохта ҳужжатлар туман Давлат хизматлари марказларига тақдим этилиб, мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштирилган. Бош прокуратура томонидан вилоятларда ўтказилган қўшимча текширувлар натижасида яна 1 минг 200 дан ортиқ қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланган.
Ҳозирда қалбаки ҳужжатлар асосида олинган барча ҳайдовчилик гувоҳномалари бекор қилинган. Қонунбузарликда иштирок этган шахслар, шунингдек, сохта ҳужжатларни билиб туриб сотиб олган фуқароларга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.