
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни парламент ва халққа қилган мурожаатномасида коррупцияга қарши курашишда кескин ва принципиал янги босқич бошланишини эълон қилди. Давлат раҳбари бу иллатни мамлакат тараққиёти йўлидаги энг хавфли тўсиқ сифатида баҳолаб, унга нисбатан муросасиз позицияни очиқ-ойдин билдирди.
Президент таъкидлаганидек, коррупция адолат ва қонун устуворлигини издан чиқаради, жамиятда ишонч муҳитини емириб, ислоҳотларга жиддий зарба беради. Шу сабабли 2026 йил мамлакатда коррупцияга қарши курашишда “фавқулодда йил” сифатида белгиланади. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, агар бу иллат бартараф этилмаса, белгиланган иқтисодий ва ижтимоий мақсадларга эришиш қийинлашади, халқаро ҳамжамият ишончи эса сусаяди.
Янги тизимга мувофиқ, барча давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат учун масъул бўлган ўринбосар лавозими жорий этилади. Шунингдек, Ҳисоб палатаси вакиллари фаолияти ҳам тизимли равишда йўлга қўйилади. Президент ҳар бир идора шахсан текширилишини, ҳеч кимга ёқмаса ҳам ҳақиқат очиқ айтилишини қатъий таъкидлади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, янги тизимга тайинланадиган раҳбарлар нопок амалдорларни аниқлаш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларини барвақт олдини олиш учун шахсан жавобгар бўлади. Барча назорат ишлари бўйича Президентга тўғридан-тўғри ҳисобот берилади.
Шавкат Мирзиёев давлат маблағларининг ҳар бир сўми учун шахсий жавобгарлик кучайтирилишини алоҳида урғулади. Унинг таъкидлашича, “лавозимим бор, менга ҳеч ким тегмайди” деган қараш Ўзбекистонда мутлақо ўринсиз. Қонун олдида барча тенг бўлади.
Ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк тизими, йирик давлат компаниялари, вазирликлар ва ҳокимликлар — бирорта идора ёки ташкилот назоратдан четда қолмайди. Комплаенс хизмати фаолиятига тўсқинлик қилган шахслар коррупцияга шерик сифатида баҳоланади ва жавобгарлик ҳам шунга яраша бўлади.
Президент Администрациясининг Комплаенс хизматига ушбу тизимни 1 январдан бошлаб барча давлат идораларида тўлиқ ишга тушириш ва “жиловни маҳкам қўлга олиш” вазифаси юклатилди. Энди порахўрлик ёки суиистеъмолчиликка оид ҳар бир ҳолат бўйича ахборот тўғридан-тўғри Президентга етказиб борилади.
Маълумот ўрнида, Президент Администрациясининг Комплаенс хизматига 2025 йил июл ойидан буён Эркин Йўлдошев раҳбарлик қилиб келмоқда. У илгари Тошкент шаҳри прокурори ва Бош прокурор ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
Янги тизим давлат бошқарувида очиқлик, шаффофлик ва жавобгарликни кучайтиришга қаратилган бўлиб, у коррупцияга қарши курашда кескин бурилиш нуқтаси бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.