
Ўзбекистонда гидроэлектр станцияларда электр ишлаб чиқариш кескин пасайди. Энергетика вазири Журабек Мирзамахмудовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги чиқишида айтишича, бунга сув оқими ўтган йилга нисбатан 35 фоизга қисқаргани сабаб бўлган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Вазирнинг таъкидлашича, йирик ГЭСларда кўрсаткичлар тушишига айнан сув ресурслари тақчиллиги асосий омил бўлди. Янги ишга туширилган кичик ва микро-ГЭСлар ҳам вазиятни сезиларли ўзгартира олмади — уларнинг жами ишлаб чиқариши 140 миллион киловатт-соатни ташкил этиб, мамлакат энерготизими эҳтиёжлари учун жуда кам бўлиб қолмоқда.
Мирзамахмудов сув захиралари чеклангани сабаб Ўзбекистон муқобил энергетикага урғу беришга мажбур бўлаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, йирик ГЭСларни барпо этиш 6–10 йил вақт олади, шу боис аҳолини барқарор электр билан таъминлашнинг энг тез ва самарали йўли — қуёш ва шамол электр станциялари, шунингдек энергия сақлаш тизимларини ривожлантиришдир.
“Биз, албатта, гидроэнергетикани ривожлантиришда давом этамиз. Бироқ у сув ресурсларига боғлиқ бўлгани учун газ сарфини камайтириш мақсадида қуёш, шамол ва энергия сақлаш тизимлари каби муқобил манбаларга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз”, — деди вазир.
Аввалроқ Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев Ўзбекистонда ички сув ресурслари захираси сўнгги бир йил ичида 6,5 миллиард куб метрга камайганини маълум қилган эди. Камайиш сувни тежовчи технологиялар фаол жорий этилаётганига қарамай, ички сув омборларида сув тўпланиши пасайгани билан изоҳланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.