
Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида ичимлик суви тарифлари яқин кунларда қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бунга май ойида электр энергияси нархи ошгани асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Ҳозирча янги тарифлар тасдиқланмагани боис “Узсувтаъминот” тизимидаги корхоналар 128 миллиард сўм зарар кўрган. Мутасаддилар амалдаги тушумлар сув етказиб бериш бўйича реал харажатларни қопламай қолганини таъкидламоқда.
Маълумотларга кўра, Тошкентда харажатларнинг энг катта қисми ходимлар иш ҳақи (30%) ҳамда қувватли насослар ишлаши учун электр энергияси тўловига (19%) тўғри келади. Шунингдек, 15% ускуналар амортизациясига, 9% эса тизимни модернизация қилиш учун олинган халқаро кредитларни сўндиришга йўналтирилади. Қолган маблағлар солиқлар, қувурларни таъмирлаш ва сувни тозалаш реагентларини харид қилишга сарфланади.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазири Журабек Мирзамахмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида чиқиш қилиб, бу йил гидроэлектр станцияларида электр ишлаб чиқариш сезиларли камайганини билдирган. Унинг айтишича, бунга ўтган йилга нисбатан сув оқими 35%га қисқаргани сабаб бўлган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.