
Тошкент халқаро аэропортининг (Ислом Каримов номидаги) келиш терминали олдидаги биринчи қатордан энди расмий такси хизматлари ва агрегаторлар йўловчиларни бевосита терминал чиқишидан олиб кетиши мумкин. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Биринчи қаторда Taxi Millennium, Let’s Trip, Uzviptranservice, Sixt, Taxi Airport Tashkent ҳамда Yandex Go хизмати ишлайди. Расмий таксига буюртма бериш учун келиш залидаги диспетчерлик нуқтасига мурожаат қилиш мумкин, Yandex Go эса мобил илова орқали хизмат кўрсатади.
Расмий ташувчилар йўловчилар учун бюджет тарифларни ҳам жорий этган: шаҳар бўйлаб сафар нархи 50 минг сўмдан бошланади. Шунингдек, гуруҳ ва оилавий трансферлар каби пакет таклифлар ҳам мавжуд.
Буюртмани қабул қилган ҳайдовчилар ажратилган йўлакка бепул кириб, йўловчини 20 дақиқагча кутиши мумкин. Йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида аэропорт ҳудудида қўниш-чиқиш (boarding) зонаси бўйича кўрсаткичлар ўрнатилган.
Бошқа автомобиллар — кутиб олувчилар ва расмий рўйхатдан ўтмаган ташувчилар учун келиш зонасида қўшимча кириш йўлаги ажратилган. Бу ҳудудда тўхташ 10 дақиқагча чекланган бўлиб, назорат ИИВнинг видеокузатув тизими орқали амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон аэропортлари рекорд даражадаги 15 миллионинчи йўловчини қабул қилгани хабар қилинган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.