date

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги қурилиш ишлари билан танишди

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги қурилиш ишлари билан танишди

30 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудига бориб, йирик инфратузилма объектлари ҳамда янги маъмурий биноларда олиб борилаётган қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.

Ташриф аввалида 40 минг квадрат метр майдонни қамраб олган ерости автотураргоҳи ва пиёдалар ўтиш йўли қурилиши билан танишилди. Қиймати 100 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида биринчи босқичда 200 та автомобил, шунингдек мотоцикл ва скутерлар учун жой ажратилиши кўзда тутилган. Мажмуа 2026 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган: у тўлиқ автоматлаштирилади, электромобиллар учун қувватлаш шохобчалари ва велосипед ижараси нуқталари ташкил этилади.

Давлат раҳбари пойтахтда электромобиллар сони ошиб бораётганини инобатга олиб, қувватлаш станциялари тармоғини кенгайтириш ва бундай тураргоҳларни аҳоли учун имкони қадар қулай ҳамда ҳамёнбоп қилиш зарурлигини таъкидлади.

Янги Тошкентда давлат идоралари учун бинолар ҳам қад ростламоқда. Шулардан бири — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги учун барпо этилган модул типидаги янги офис. Енгил конструкцияларда бунёд этилган замонавий мажмуа марказий аппарат ва тизимдаги ташкилотларни бир жойга жамлаб, иш жараёнларини соддалаштиргани айтилди. Ҳозир бу ерда 550 нафар мутахассис фаолият юритмоқда.

Шу бинода АКТни ривожлантириш республика маркази ҳам жойлашган. Марказ мутахассислари Президентга “Шаффоф қурилиш” рақамли экотизими имкониятларини тақдим этди. Хусусан, геоинформацион тизимлар ёрдамида шаҳарларнинг “рақамли эгизаклари” яратилгани, 3D моделлар орқали ҳудудларни чуқур таҳлил қилиш, реновацияни режалаш ва бўлажак мавзеләр кўринишини ишлар бошланмасидан олдин баҳолаш мумкинлиги қайд этилди.

Шунингдек, бош режаларни муҳокама қилиш ва қурилишга рухсат бериш жараёнлари тўлиқ онлайн йўлга қўйилгани, геопорталда 20 та шаҳар ҳамда 800 дан ортиқ аҳоли пункти бўйича рақамли хариталар мавжудлиги билдирилди. Давлат харидлари йўналишида “Рейтинг” ва “Тендер” платформалари пудратчилар ишончлилигини автоматик баҳолаб, инсон омилини камайтираётгани, қурилиш сифати бўйича рақамли назорат, уй-жой эксплуатациясини мониторинг қилиш ҳамда иссиқлик таъминоти ҳисоб-китобларида шаффоф биллинг тизимлари жорий этилгани айтилди.

Ташриф якунида Шавкат Мирзиёев ёш муҳандислар ва IT мутахассислари билан суҳбатлашди. Президент қурилиш соҳасида кечаги билимлар билан катта натижага эришиб бўлмаслигини, доимий ўқиш, аниқ фанлар ва айниқса ахборот технологияларини чуқур ўзлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Сафар якунлари бўйича масъулларга қурилиш тармоғини рақамлаштиришни изчил давом эттириш, жараёнларни фуқаролар учун янада очиқ ва тушунарли қилиш юзасидан топшириқлар берилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги қурилиш ишлари билан танишди