
Мюнхен прокуратураси миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан Германиянинг ташқи савдо қонунчилигини бузиш эҳтимоли юзасидан бошланган ишни 10 миллион евро тўлов шарти билан ёпишга рози бўлди. Прокуратура ҳам, тадбиркорнинг ҳимоячилари ҳам Усмонов тўлиқ суммани тўлаш бўйича топшириқ берганини тасдиқлади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Reuters маълумотига кўра, тергов 2022 йил апрел–сентябрь ойларида Бавариядаги Ротах-Эгерн курорт қишлоғида жойлашган икки уйни қўриқлаш хизматлари учун 1,5 миллион евро тўланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумонлар билан боғлиқ бўлган.
Шунингдек, прокуратура Усмонов ЕИдаги санкциялар қоидаларига мувофиқ Германиянинг иқтисодиёт ва экспорт назорати федерал идораси (BAFA)га қимматбаҳо тақинчоқлар, картиналар ҳамда вино коллекцияси ҳақида маълумот бермаганини ҳам даъво қилган. Усмонов эса барча айбловларни рад этган.
Унинг адвокатлари мижозлари гумон қилинаётган тўловларда тилга олинган компаниялар билан боғланмаганини, шунингдек, кўрсатилган мол-мулк унга тегишли эмаслигини билдирган. Ҳимоя томони бу иш доирасида ЕИ санкциялари бевосита қўлланмаслигини ҳам таъкидлаган.
Тўланадиган 10 миллион еврoнинг 8,5 миллиони Бавария бюджетига йўналтирилади. Қолган қарийб 1,5 миллион евро эса Opferhilfe Bayern жамғармаси ҳамда Бавария ер миқёсидаги маҳкумлар билан ишлаш ва пробация иттифоқига берилади.
Адвокатлар тўлов айбни тан олиш дегани эмаслиги ва айбсизлик презумпциясини бекор қилмаслигини қайд этди. Мюнхен прокуратураси ҳам ушбу тўлов жарима ёки жазо сифатида баҳоланмаслигини, маблағ келиб тушгач иш юритуви тўхтатилишини тасдиқлаган.
Баёнотда айтилишича, тўлов амалга оширилгач, айни ҳолатлар бўйича Усмоновга нисбатан терговни қайта бошлаш имконияти бўлмайди.
Қайд этилишича, 2024 йил ноябрида ҳам Германия прокуратураси Усмоновга нисбатан пул ювиш гумони бўйича олиб борилган текширувни шунга ўхшаш шартлар асосида ёпган.
Bloomberg Billionaires индексига кўра, Алишер Усмоновнинг бойлиги 18,8 миллиард доллар деб баҳоланади. У ЕИ, Канада ва АҚШ санкциялари остида, шунингдек Украина атрофидаги уруш ҳаракатларидан сўнг жорий этилган кириш тақиқи ҳамга эга.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмонов жорий йил апрел ойида Forbes рейтингида Ўзбекистон вакили сифатида илк бор қайд этилганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.