23:30 / 15.02.2017
8 844

Ўзбекистонда 2019 йилгача 5454 километрлик автомобиль йўллари таъмирланади

Ўзбекистонда 2019 йилгача 5454 километрлик автомобиль йўллари таъмирланади

Ўзбекистонда кенг қамровли автомобиль йўллари тармоғини янада ривожлантириш, юксак халқаро талабларга жавоб берадиган транспорт коммуникациялари тизимининг халқаро транспорт йўлакларига кенг интеграциялашувини таъминлаш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва сақлашга йўналтириладиган давлат молиявий ресурсларидан самарали фойдаланиш, шу билан бирга, йўл корхоналари тузилмасини такомиллаштириш ва фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Кун нашри.

Қарорда:

– Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳузурида Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекциясини ташкил этиш;

– “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилотларини Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг ҳудудий бош бошқармалари этиб қайта ташкил этиш;

– Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармалари ҳузурида минтақавий йўлларга буюртмачи хизматини белгиланган тартибда ташкил этиш;

– Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармалари ҳузурида минтақавий автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш назарда тутилади.

Шунингдек, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти ҳамда ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибига берилмоқда.

Айни вақтда қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг ҳолати билан боғлиқ бўлган бир қатор муаммолар ҳал этилмасдан қолмоқда, ушбу автомобиль йўлларининг аксарият қисми белгиланган сифат ва хавфсиз ҳаракатланиш талабларига жавоб бермайди.

Янги турар жой мавзеларининг барпо этилиши, шаҳарларнинг кенгайтирилиши, транспорт воситалари сонининг жиддий кўпайиши минтақавий автомобиль йўллари ҳолатини тубдан яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўришни талаб қилади.

Туман ва шаҳарларнинг йўл ташкилотлари йўл-таъмирлаш техникаси, моддий-хомашё ресурслари билан етарли даражада таъминланмаган, ҳар йили ажратилаётган маблағлар хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини зарур даражада сақлаш ва таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилишини таъминлаш учун етарли эмас.

Шу муносабат билан минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш ва уларни эксплуатация қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Дастурда қуйидаги вазифалар назарда тутилган:

2017-2018 йилларда 5454 километр, жумладан, 2017 йилда – 2700 километр, 2018 йилда – 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун минтақавий йўлларни таъмирлашга ихтисослаштирилган ташкилотларни 330 та йўл техникаси билан таъминлаш;

мавжуд республика хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овуллар кўчаларини босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ва уларни паспортлаштириш, бу борадаги ишлар натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини яратиш.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 295 километр, Андижон вилояти бўйича – 324 километр, Бухоро вилояти бўйича – 439 километр, Жиззах вилояти бўйича – 222 километр, Қашқадарё вилояти бўйича – 679 километр, Навоий вилояти бўйича – 216 километр, Наманган вилояти бўйича – 309 километр, Самарқанд вилояти бўйича – 479 километр, Сурхондарё вилояти бўйича – 535 километр, Сирдарё вилояти бўйича – 267 километр, Тошкент вилояти бўйича – 516 километр, Фарғона вилояти бўйича – 520 километр, Хоразм вилояти бўйича – 321 километр ва Тошкент шаҳри бўйича – 332 километр йўллар ва кўчаларни таъмирлаш назарда тутилган.

Юқоридаги қарорларнинг амалга оширилиши қуйидаги масалаларни ҳал қилиш имконини беради:

биринчидан, йўл хўжалигини бошқариш тизимини такомиллаштириш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг замонавий тармоғини янада ривожлантириш;

иккинчидан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш ишларига йўналтирилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

учинчидан, лойиҳалаштириш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини ошириш имконини берадиган тўлақонли буюртмачи хизматини ташкил этиш;

тўртинчидан, юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўл қурилиши ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилишини назорат қилиш;

бешинчидан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш чора-тадбирларини тасдиқланган харажатларга мувофиқ ўз вақтида молиялаштириш;

олтинчидан, автомобиль йўлларини, айниқса, қишлоқ автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширишда янги тузилма, яшаш учун қулай ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш;

еттинчидан, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти ва касб-ҳунар коллежлари негизида, жумладан, бевосита ишлаб чиқариш корхоналарида, лабораторияларда ва илмий-лойиҳа ташкилотларида амалий машғулотларни тизимли ташкил этиш йўли билан таълим сифатини оширишни таъминлаш ва умуман, соҳа учун профессионал кадрларни тайёрлаш;

саккизинчидан, минтақавий автомобиль йўлларини сақлашга тегишли ходим ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, йўлларни эксплуатация қиладиган ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

тўққизинчидан, автомобиль йўлларини паспортлаштириш ва йўлларнинг жорий ҳолатини акс эттирган ҳолда, электрон маълумотлар базасини яратиш.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда 2019 йилгача 5454 километрлик автомобиль йўллари таъмирланади