
Ўзбекистонда 2030 йилгача маҳаллий йўналишларда темирйўл орқали йўловчи ташиш кўрсаткичларини оширишга қаратилган президент фармони қабул қилинди. Ҳужжат ички йўналишлардаги қатнов ҳажмини сезиларли кенгайтириш ва электр поездлар тармоғини ривожлантиришни кўзда тутади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Режага кўра, 2030 йилга бориб маҳаллий темирйўл маршрутларида йилига ташиладиган йўловчилар сони 10,5 миллиондан 23,5 миллион кишига етказилади. Электр поездлар қатнови йўлга қўйиладиган йўналишлар сони ҳам 40 тадан 53 тагача оширилади.
Қарорда Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йуллари” АЖ учун йўловчи ташувларини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, 2026 йилдан 465 километрли электрлаштирилган “Бухоро – Хива” линияси бўйлаб “Тошкент – Урганч – Хива” йўналишида юқори тезликдаги электр поездлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Шунингдек, 2026 йил якунигача 196 километрли “Мискин – Нукус” участкаcини электрлаштириш ишлари тугалланиши кўзда тутилган. Шундан сўнг мазкур йўналишда ҳам юқори тезликдаги электр поездлар қатнови ташкил этилади.
“Ангрен – Поп” ҳамда “Тошғузар – Бойсун – Кумқўрғон” темирйўл участкаcаларини модернизация қилиш масаласи ҳам алоҳида эътиборда. Ушбу ишлар натижасида 2030 йилгача Андижон, Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида тезкор электр поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, янги йил арафасида оммабоп йўналишларда “Афросиёб” юқори тезликдаги поездининг қўшимча рейслари ҳам йўлга қўйилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.