date

Ўзбекистон – 2030: саноат сакраши ва миллионта автомобиль режаси

Ўзбекистон – 2030: саноат сакраши ва миллионта автомобиль режаси

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида маҳаллий хомашё имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда илғор технологияларга таянадиган саноатни жадал ривожлантириш асосий устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Ҳужжатда иқтисодиётда юқори қўшилган қиймат яратиш билан бир қаторда, енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллион донага етказиш мақсади ҳам очиқ белгилаб қўйилган.

Стратегияга мувофиқ, 2030 йилгача ишлаб чиқариш занжирларини чуқурлаштириш, саноатда замонавий технологияларни жорий этиш ва рақобатбардош маҳсулотлар улушини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу жараёнда автосаноат мамлакат иқтисодиётидаги драйвер тармоқлардан бирига айланиши кутилмоқда.

Лойиҳада саноат соҳасида технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2023 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошириш вазифаси қўйилган. Енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни кескин кўпайтириш режаси ҳам айнан шу мақсадлар — маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва қўшимча қийматни мамлакат ичида шакллантириш билан уйғун тарзда белгиланган.

Шу билан бирга, юқори даромад келтирувчи тармоқлар учун ресурс базасини мустаҳкамлаш ҳам режалар марказида турибди. Хусусан, 2030 йилга қадар мис ишлаб чиқаришни 2,5 баробар, олтинни 1,5 баробар, кумуш ва уранни эса 3 баробарга ошириш кўзда тутилган. Электротехника саноатида мисни қайта ишлаш ҳажмини 300 минг тоннагача етказиш мақсади ҳам белгиланган.

Ушбу режалар саноат тармоқларида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар улушини кенгайтириш, технологиялар трансфери ва кооперацияни тезлаштиришга хизмат қилади. Натижада саноатнинг барқарор ўсишини таъминлайдиган мустаҳкам қиймат занжирлари шакллантирилиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон – 2030: саноат сакраши ва миллионта автомобиль режаси