
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида аҳоли саломатлигини яхшилаш орқали ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшгача ошириш соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Ушбу мақсадга эришиш учун тиббий хизматлар сифатини босқичма-босқич яхшилаш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш механизмларини кенгайтириш режалаштирилган.
Стратегия лойиҳасига кўра, соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш барқарор равишда оширилади. Хусусан, 2030 йилга қадар давлат бюджетидан тиббиёт соҳасига ажратиладиган маблағлар улушини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказиш кўзда тутилмоқда. Бу эса аҳоли учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва соҳанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Эрта ўлим ҳолатларини қисқартириш ҳам стратегиянинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Жумладан, 30–69 ёшдаги аҳоли орасида юрак-қон томир касалликларидан келиб чиқадиган эрта ўлимни 27 фоизгача, саратон касаллиги билан боғлиқ эрта ўлимни эса 5,2 фоизгача камайтириш мақсад қилинган.
Шунингдек, қандли диабет билан касалланган беморларни даволашда тўлиқ қамровни таъминлаш, нафас йўллари касалликларидан эрта ўлим кўрсаткичини 30–69 ёш тоифасида 1,5 фоиздан оширмаслик вазифаси ҳам белгиланган. Сил касаллиги бўйича эса касалланиш даражасини 33 фоиздан юқори бўлмаслигини таъминлаш режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур чора-тадбирлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликлар хавфини камайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш орқали умр давомийлигини оширишга қаратилган. Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистонда доимий аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,1 ёшни ташкил этган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.