date

Коррупцияга қарши курашда янги босқич: рақамли назорат кучаяди

Коррупцияга қарши курашда янги босқич: рақамли назорат кучаяди

Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган президент фармони қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, соҳага замонавий рақамли ечимлар жорий этилиб, тизимли назорат кучайтирилади.

Фармонга кўра, “Рақамли комплаенс” ахборот дастурий комплекси 2026 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида ишга туширилади. Ушбу платформа коррупцияга қарши чораларни мувофиқлаштириш, маълумотлар алмашувини тезлаштириш ва назорат жараёнларини рақамлаштиришга хизмат қилади.

Хусусан, дастур доирасида коррупциянинг олдини олиш кластери иштирокчилари ўртасида тезкор ахборот алмашиш имконияти яратилади. Шунингдек, “E-Komplaens” модули орқали давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти тўлиқ рақамли шаклга ўтказилади.

Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатлари ҳам кенгайтирилди. Энди агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги ички назорат бўлинмаларига қонунбузилишларни олдини олиш бўйича мажбурий кўрсатмалар ва тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Коррупциявий ҳолатлар ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бундай фуқароларни иш жойида тазйиқ ва таъқибдан асраш мақсадида агентлик томонидан махсус ҳимоя ордери берилади.

Шу билан бирга, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда фаол иштирок этган шахсларни рағбатлантириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун” номли кўкрак нишони таъсис этилади.

Мазкур янгиликлар коррупцияга қарши курашишда очиқлик, самарадорлик ва жамоатчилик иштирокини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Коррупцияга қарши курашда янги босқич: рақамли назорат кучаяди