
Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини бошқариш тизимида муҳим ўзгаришлар бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган янги қонун билан йўл-транспорт тармоғининг айрим бўғинларини бошқариш ва ривожлантириш ваколатлари маҳаллий ҳокимиятларга ўтказилди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Ҳужжатга кўра, энди бекат мажмуалари қаерга ўрнатилишини айнан ҳокимиятлар белгилайди. Шунингдек, бекатларнинг ободончилиги, уларнинг ҳолатини сақлаш ва жамоат транспорти ҳаракатини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик пунктлари фаолияти ҳам бевосита маҳаллий раҳбарлар масъулиятига киритилди.
Қонун жойлардаги ижро ҳокимияти зиммасидаги вазифаларни сезиларли кенгайтирди. Энди ҳокимиятлар нафақат бекат қурилиши ва ташқи кўринишига масъул, балки аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш бўйича ташувчилар билан шартномалар тузиши ҳам шарт.
Бундан ташқари, йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича режаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш ҳам расман ҳокимиятлар ваколатига киритилди. Бу эса ҳудудларда транспорт оқимини чуқур таҳлил қилиш ва аниқ ечимлар ишлаб чиқишни талаб қилади.
Ислоҳотнинг яна бир муҳим жиҳати — ҳудудий транспортни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегияларни тасдиқлаш ҳуқуқи маҳаллий бошқарувга берилди. Қонун ҳокимиятлардан белгиланган кўрсаткичлар бажарилишини қатъий мониторинг қилишни ҳам талаб этади.
Шу билан бирга, маҳаллий ижро тузилмалари ёнғин хавфсизлиги учун молиявий харажатларни келишиш ваколатига ҳам эга бўлди. Гап, хусусан, ёнғин хизматларининг моддий-техник таъминоти ва операцион фаолиятини молиялаштириш масалалари ҳақида кетмоқда.
Қонун расмий ОАВда эълон қилинган заҳоти кучга киради. Мутасаддилар фикрича, ваколатларнинг жойларга ўтказилиши аҳолининг мурожаатларига тезроқ жавоб қайтариш ва шаҳар инфратузилмаси сифатини ҳудудий назорат орқали яхшилашга хизмат қилади.
Агар йўл ҳаракати бўйича режаларни амалга ошириш жараёнида баҳсли вазиятлар юзага келса, хавфсизликни таъминлаш ва белгиланган меъёрларга риоя этилишини кузатиш учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам жалб қилиниши мумкин.
Сўнгги йилларда Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда "ақлли" бекатлар ҳам фаол ўрнатилмоқда. Улар кондиционер орқали иссиқдан ҳимоя қилади, телефонларни қувватлаш имконини беради ва автобус кутаётган пайтда бепул Wi‑Fi хизматини тақдим этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.