22:42 / 16.02.2017
8 049

Муаммолар муаммоси: банкда нақд пул бўлмаса, банкоматдан нима наф?

Муаммолар муаммоси: банкда нақд пул бўлмаса, банкоматдан нима наф?

Ўзбекистоннинг 2017—2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси жамоатчилик муҳокамаларига бағишланган январдаги медиа-ҳафталик вақтида Марказий банк вакиллари томонидан нақд пул муаммосини бартараф этиш бўйича турли ташаббуслар эълон қилинди. Хусусан, Марказий банк пул муомаласи департаменти ходими Фахриддин Бобоев 2017 йилда мамлакат бўйлаб 1000 та банкомат ўрнатилиши, республикадаги «барча савдо ва хизмат кўрсатиш пунктлари терминаллар билан тез орада жиҳозланиши»ни айтиб ўтди, деб ёзади Sof.uz.

«Шунда нақд пул олиш борасида шов-шувлар юзага келмайди», — деди Фахриддин Бобоев. 2 февраль куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пенсияларни тўлиқ, стипендияларнинг эса камида ярмини нақд шаклда беришни назарда тутувчи қарорни қабул қилди. Қарорда «Президент Виртуал қабулхонасига иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар ўз вақтида тўланмаётгани, тўлов терминаллари ва банк аппаратлари тизими етарли даражада ривожланмаган ҳолда тўловлар пластик карточкаларга асоссиз равишда ўтказилаётгани тўғрисида кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани» алоҳида кўрсатиб ўтилган эди.

Президентнинг шов-шувларга сабаб бўлган қарори, банк тизими ходимларининг баландпарвоз ташаббуслари нақд пул муаммоси ҳақиқатан ҳам мавжудлиги ва долзарблигини очиқ кўрсатди. Бу шов-шувлар атрофидаги муҳокамалар эса тинаётгани йўқ. Жумладан, «Дийдор азиз» нашрида исми ошкор этилмаган «Холис тадқиқотчи»нинг эътиборга молик мақоласи эълон қилинди. У муаммонинг ўзини, келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни алоҳида санаб чиққан.

Муаммо

Бугунги кунда Ўзбекистонда нақд пулнинг тўлов қобилияти (у ёки бу товар ёки хизматларни сотиб олиш имконияти) нақд бўлмаган пул — корхоналарнинг ёки фуқаролар банк ҳисобварақларидаги/пластик карталардаги маблағларига нисбатан юқорироқ; «холис тадқиқотчи»нинг қайд этишича, «ўрта ҳисобда бу тафовут 15—30 фоизни ташкил қилади».

«Шундай экан, ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай савдо муносабатларида нақд пул нақдсиз пулга нисбатан устуворроқ, кучлироқ ва, демак, маъқулроқ деб қаралмоқда», — деб ёзади «холис тадқиқотчи».

Муаммонинг сабаблари


«Холис тадқиқотчи» муаммонинг сабабларини фуқаролар ва тадбиркорлар учун алоҳида-алоҳида кўриб чиқишни таклиф қилади. Хўш, фуқаролар нима учун нақдсиз пулдан кўра нақд пулни маъқул кўради?

1. Турли товарлар, айниқса, маиший техника, мебел каби қимматбаҳо товарларни нақд пулга арзонроқ сотиб олиш мумкин (ҳолат жавоби — сабабларнинг тадбиркорлар билан боғлиқ қисмида).

2. Жамғармаларни сақлаш учун, «холис тадқиқотчи»нинг фикрича, энг мақбул ва деярли ягона йўл — миллий валюта (сўм)ни эркин конвертация қилинадиган валюта (доллар, евро ва ҳ.к.)га айирбошлаш бўлиб қолган. «Чунки валютани сақлаш осон — ҳажми кичик, зарур вақтда дарҳол тўлов учун фойдаланса бўлади, энг асосийси, валюта курсининг ойдан-ойга, йилдан йилга ошиб бориши жамғармаларни инфляциядан қисман бўлса-да сақлаш имконини беради», — деб ёзади «холис тадқиқотчи».

«Дийдор азиз» муаллифининг алоҳида қайд этишича, «ўта юқори фоизли банк омонатлари ҳам, яна ўша нақдлаштириш муаммосининг мавжудлиги, пулни банкдан қайтариб олишда унинг 15—20 фоизини йўқотиш хавфли туфайли, валютага нисбатан рақобатга чидамайди».

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига тушган бир неча юз минглаб шикоятларнинг етарлича катта қисмини банкка омонатга, сўнг уни нақд кўринишда қайтариб ололмаслик ҳолатлари ташкил этади.

Савдо айланмаси миллионлаб, миллиардлаб сўмни ташкил этадиган тадбиркорлар-чи, улар нима учун нақд пулни маъқул кўради? Ахир шунча нақд пулни ташишдан кўра, уни банк орқали ўтказган мақбул эмасми? «Холис тадқиқотчи» яна тушунтиради:

1. Турли товарлар, айниқса, халқ истеъмоли моллари, шунингдек, хом ашё, ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа зарур товарларни импорт қилиш учун чет эл валютасини «қора бозор»дан сотиб олишга мажбур. Сабаби — давлат курсидаги чет эл валютаси танқис, «бозор курси»да эса валютани сотиб олишнинг қонуний асослари йўқлиги учун тадбиркор валютани «қора бозор»дан фақат нақд пулга сотиб олишга мажбур.

«Шунинг учун нафақат савдо соҳаси, ҳатто ишлаб чиқариш соҳасида ҳам нақд пул тушумларини ташкил қилишга катта эътибор қаратилади. Бу эътибор, ўз навбатида, харидор (воситачилар, дўконлар ва аҳоли) учун нақд пул тўлови вақтида қўшимча имтиёзларни келтириб чиқаради (сабабларнинг фуқаролар учун мўлжалланган қисмидаги биринчи банд жавоби).

2. Сотилаётган товарларнинг муайян миқдорини тегишли тартибда солиқ ва божхона ҳисобидан ўтказмай, ноқонуний сотиш ҳолатлари («сояки иқтисодиёт»). «Бундай товарлар учун тўлов фақат нақд кўринишда амалга оширилиши мумкин», — деб ёзади «холис тадқиқотчи».

3. Турли текширувчи ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари билан «муомала қилиш» учун нақд пул керак.

Сабабларни бартараф этиш бўйича таклифлар

Фуқаролар томонидан нақдга пулга эҳтиёжни камайтириш учун мана шу икки сабабни бартараф этиш лозим:

— сотувчилар томонидан нақд пулга мойилликни бартараф қилиш орқали савдо муносабатларида нақд ва нақдсиз тўловларнинг ҳақиқий тенглиги учун иқтисодий асос яратиш (маъмурий чоралар неча йилдирки наф бермаяпти);
— аҳоли жамғармалари учун чет эл валютасидан бошқа, нақдлаштириш муаммосидан холи янги инструментлар яратиш (масалан, қимматбаҳо металлар, облигациялар ва ҳ.к.).

Тадбиркорлар томонидан нақд пулга эҳтиёжни камайтириш учун мана шу уч сабабни бартараф этиш лозим деб таъкидлайди «Дийдор азиз»нинг «Холис тадқиқотчи»си:

— юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар учун чет эл валютасини эркин курсда, банкдан пул ўтказиш йўли билан сотиб олиш имкониятини яратиш (бу йўналишда муайян ишлар бошлангани ҳақида хабарлар мавжуд);
— «сояки иқтисодиёт», яъни, ҳисобга олинмаган товарлар савдоси ҳажмини камайтириш йўлида ҳам маъмурий, ҳам иқтисодий чоралар кўриш;
— коррупцияга қарши кураш, «муомала»ларга барҳам бериш.

«Дийдор азиз» муаллифининг алоҳида қайд этишича, шу вазифаларни комплекс равишда ҳал этмасдан туриб, нақд ва нақдсиз пуллар ўртасидаги тафовут ва шу тафовутга асосланган муаммони ҳал қилиб бўлмайди.

Банк кассасида нақд пул бўлмаса, банкомат ўрнатган билан нима фойда? Тадбиркор терминалдан тўлов ўтказишда манфаатдор бўлмаса, терминални унга текинга берсангиз ҳам бефойда, демак, ижара нархини камайтирган билан ҳеч нарса ўзгармайди.

Президентимиз ўз маърузаларида таъкидлаганларидек, янги қонунлар, норматив ҳужжатлар яратилаётганда уларнинг сифатига кўпроқ эътибор берилса — юзма-юзаки популистик чоралар эмас, масалани чуқурроқ ўрганиш натижасида муаммонинг негизини тугатишга интилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Муаммолар муаммоси: банкда нақд пул бўлмаса, банкоматдан нима наф?