2030 йилга бориб Ўзбекистонда ўртача умр кўриш 78 ёшга етказилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 2030 йилга бориб аҳоли ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш мақсади белгиланди. Бу янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида қайд этилган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Ҳужжатга кўра, кўрсаткич босқичма-босқич оширилади: 2026 йилда — 75,5 ёш, 2027 йилда — 76 ёш, 2028 йилда — 76,8 ёш, 2029 йилда — 77,5 ёш, 2030 йилда эса — 78 ёш.
Режани амалга ошириш учун соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришни кучайтириш кўзда тутилган. 2030 йилга келиб давлат бюджетига тиббиётга ажратмалар ЯИМнинг 5 фоизигача оширилиши режалаштирилмоқда.
Стратегияда муддатидан олдин ўлим кўрсаткичларини камайтириш ҳам асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Хусусан, 30–69 ёш оралиғида юрак-қон томир касалликларидан эрта ўлимни 27 фоизгача, онкологик касалликлардан эрта ўлимни эса 5,2 фоизгача тушириш мақсад қилинган.
Шунингдек, сурункали хасталиклар билан курашга алоҳида эътибор қаратилади: қандли диабет билан оғриган беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш, нафас олиш аъзолари касалликларидан муддатидан олдин ўлимни 1,5 фоиздан оширмаслик, сил касаллиги бўйича касалланиш даражасини эса 33 фоиздан юқори бўлмаган кўрсаткичда ушлаб туриш режалаштирилган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги ўн йилликларда Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги изчил ўсиб борган. 1991 йилда бу кўрсаткич 66,4 ёш бўлган бўлса, 1995 йилда — 69,1, 2000 йилда — 70,8, 2005 йилда — 71,8, 2010 йилда — 73, 2015 йилда — 73,6 ёшни ташкил этган.
2020 йилда кўрсаткич 73,4 ёшгача бироз пасайган, бироқ кейинги йилларда яна ўсиб, 2023 йилда 74,7 ёшга, 2024 йилда эса 75,1 ёшга етган.
Расмийлар режалаштирилган чора-тадбирлар нафақат умр давомийлигини узайтириши, балки профилактика, эрта ташхис ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали ҳаёт сифатини ҳам яхшилашини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!