date

“Ўзбекистон–2030”да маҳаллий кенгаш ва ҳокимликлар тўлиқ рақамлашади

“Ўзбекистон–2030”да маҳаллий кенгаш ва ҳокимликлар тўлиқ рақамлашади

“Ўзбекистон–2030” стратегиясининг лойиҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари — маҳаллий кенгашларнинг таъсирчанлиги ва жавобгарлигини ошириш, уларни аҳоли манфаатларини ифода этувчи асосий институтга айлантиришга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган.

Лойиҳага мувофиқ, 364-банд доирасида маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини кўтаришга қаратилган 5 та қонунчилик ҳужжатини такомиллаштириш режаси назарда тутилмоқда. Бу орқали вакиллик органларининг ваколатлари, назорат механизмлари ҳамда жамоатчилик билан мулоқотнинг таъсирчанлигини янада кучайтириш мақсад қилинган.

Шунингдек, 365-бандда маҳаллий вакиллик органлари ишини тўлиқ — 100 фоиз рақамлаштириш вазифаси қўйилган. Бунда қарор қабул қилиш, муҳокама ўтказиш, назорат-таҳлил жараёнларини янада шаффоф ва тезкор қилиш, аҳоли учун очиқ ахборот муҳитини кенгайтириш кўзда тутилади.

Лойиҳада маҳаллий давлат ҳокимиятининг ижро органлари фаолиятини ҳам янгилаш ва трансформация қилиш устувор йўналиш сифатида қайд этилган. Хусусан, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойилига таянган ҳолда йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Жумладан, 366-бандга кўра, ҳоким ва унинг ўринбосарлари томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни — коллегиал орган қарорлари, хулоса, далолатнома, баённома каби турли ҳужжатларни E-qaror электрон тизими орқали тайёрлаш ва қабул қилиш улушини 100 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бу ҳужжат айланмасини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, ортиқча қоғозбозликни қисқартириш ва жараёнларни енгиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, 367-банд доирасида ҳар йили республика даражасида бажариладиган 50 га яқин функция ва ваколатларни маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ўтказиш масаласи ҳам режага киритилган. Мақсад — қарор қабул қилишни аҳолига яқинлаштириш, ҳудудлардаги муаммоларни тезроқ ҳал қилиш имкониятларини кенгайтириш.

Лойиҳанинг 368-бандида эса маҳаллий ижро органлари аҳоли манфаатларига дахлдор ваколатларни амалга оширишда “бюрократияни ноль” тамойилини 100 фоизгача олиб чиқиш вазифаси қўйилган. Бу жараёнларни соддалаштириш, талаб қилинадиган ҳужжатлар сонини камайтириш ва хизмат кўрсатиш тезлигини оширишга қаратилган.

Шунингдек, 369-бандга мувофиқ, ижтимоий-иқтисодий соҳалар, қурилиш ва энергетика, инсон ресурслари, солиқ, божхона, аҳолини иш билан таъминлаш каби йўналишларга оид 20 тадан ортиқ электрон тизимни ҳокимликлар ишига жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу орқали ҳудудий бошқарувда маълумот алмашинуви, таҳлил ва мониторинг механизмларини янада кучайтириш кўзда тутилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » “Ўзбекистон–2030”да маҳаллий кенгаш ва ҳокимликлар тўлиқ рақамлашади