date

“Ўзбекистон–2030”да давлат хизматлари тезкор ва рақамли бўлади

“Ўзбекистон–2030”да давлат хизматлари тезкор ва рақамли бўлади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида аҳоли учун янада қулай, тезкор ва тушунарли давлат хизматларини ташкил этиш, барча жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш ҳамда ортиқча ҳужжатбозликни кескин қисқартиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланган.

Лойиҳада қайд этилишича, 370-банд доирасида Ўзбекистоннинг БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида “Топ-30” таликка киришига эришиш асосий мақсад сифатида қўйилган. Шунингдек, 371-бандга мувофиқ электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ҳам юқорига чиқариш режалаштирилмоқда.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ва назорат механизмларини мустаҳкамлаш мақсадида 372-бандда “Халқ назорати” портали ҳар бир ҳудудда 100 фоиз жорий этилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 373-банд бўйича фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этиладиган хизматлар улушини 50 фоизгача етказиш вазифаси белгиланган.

Давлат хизматларини замонавий форматда тақдим этишга оид янги мақсадлар ҳам белгиланмоқда. Жумладан, 374-бандда композит ва проактив тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини камида 400 тага етказиш режалаштирилган. Бу, оддий айтганда, фуқаро алоҳида-алоҳида югуриб юрмайдиган, хизматлар “ўзи келиб” ҳал бўладиган тизимни кучайтиришни англатади.

Рақамлаштириш йўналишида 375-бандга кўра, мавжуд 40 миллион ҳужжатдан 25 миллионини рақамли кўринишга ўтказиш вазифаси қўйилган. Шу билан бирга, 376-банд доирасида “Рақамли ҳукумат” тизимининг ягона платформасига уланган сервислар сонини 700 тага етказиш, ҳужжатлар ва муносабатларнинг рақамли шаклда бўлишини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Хизматлар сифати ва тезкорлигини янада ошириш учун 377-бандда 100 тадан ортиқ давлат хизматини кўрсатиш муддатларини 50 фоизга қисқартириш кўзда тутилган. Қўшимча равишда, 378-бандда 500 тага яқин давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш режалаштирилган. Яъни “қоғоз-қоғоз” деб асабни ейдиган айрим босқичлар камайиши кутиляпти.

Шунингдек, 379-бандга мувофиқ давлат хизматларининг 40 фоизини хусусий секторга ўтказиш мақсад қилинган. Архив соҳасидаги хизматларни кенгайтириш бўйича эса 380-бандда архив соҳасида давлат хизматлари сонини 14 тага етказиш вазифаси белгиланган.

Қисқаси, лойиҳадаги ушбу режалар амалга ошса, давлат хизматлари “навбат–муҳр–ксерокопия” давридан чиқиб, ҳақиқатан ҳам тез, қулай ва рақамли тизимга айланиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » “Ўзбекистон–2030”да давлат хизматлари тезкор ва рақамли бўлади