date

Енгил саноатга солиқ енгиллиги: айрим тадбиркорларга имтиёз берилади

Енгил саноатга солиқ енгиллиги: айрим тадбиркорларга имтиёз берилади

2026–2029 йиллар оралиғида Ўзбекистонда енгил саноат ҳамда унга боғлиқ йўналишларда иш юритаётган қатор корхона ва ташкилотлар учун солиқ имтиёзлари ҳамда турли енгилликлар жорий этилиши белгиланди. Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини сотиш механизми ҳам босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Тегишли фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб енгил саноат корхоналарида қуввати 5 МВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланиб ишлаб чиқарилган электр энергиясининг корхона эҳтиёжидан ортиқча қисмини сотиш тизими амалга киритилади. Яъни корхона ўз эҳтиёжи учун ток олади, ортиғини эса бозорга чиқариб, қўшимча даромад манбаига айлантира олади.

Саноатнинг яна бир муҳим бўғини — пахта тайёрлаш пунктлари бўйича ҳам енгилликлар назарда тутилди. 2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача ушбу пунктлар фаолиятининг мавсумийлиги инобатга олиниб, мол-мулк ва ер солиқлари 50 фоизга камайтирилган ставкада тўланишига рухсат берилади. Бу қарор, айниқса, мавсумдан ташқари даврда харажатни “босиб” турувчи пунктлар учун нафас ростлайдиган имконият бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар қатор йирик имтиёзлар кучда бўлади. Хусусан:

  • тижорат банклари балансидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулклари инвесторларга реализация қилинганда ҚҚСдан озод этилади;

  • банклар балансидаги шу турдаги корхоналар мол-мулкларини харид қилган инвесторларга, корхонанинг ишлаб чиқариш фаолиятини 6 ойда тўлиқ тиклаш шарти билан, 1 йил муддатга мол-мулк солиғини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлаш ҳуқуқи берилади;

  • чарм-пойабзал ва мўйначилик корхоналари, шунингдек чорва молларини сўйиш ҳамда терини қайта ишлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар учун белгиланган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар муддати узайтирилади.

Қисқаси, ҳужжатдаги йўналиш аниқ: енгил саноатни “солиқ билан қийнаб қўймасдан”, инвестицияни кўпайтириш, ишлаб чиқаришни тезроқ тиклаш ва кенгайтиришга туртки бериш. Устига-устак, “яшил” энергиядан фойдаланган корхоналар ортиқча электрни сотиши мумкин бўлса, бу ҳам саноат харажатларини юмшатади, ҳам энергия бозорида янги ҳаракат пайдо қилади.

Энди энг асосий савол — бу имтиёзлар амалда қанчалик тез ишлайди ва корхоналар уни реал натижага айлантира оладими? Чунки имтиёз қоғозда чиройли, лекин саноатда натижа фақат ишлаб чиқариш ҳажми ва иш ўринларида кўринади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Енгил саноатга солиқ енгиллиги: айрим тадбиркорларга имтиёз берилади