Шавкат Мирзиёев маросимда иштирок этиш учун Швейцарияга жўнаб кетди

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Доналд Трамп таклифига биноан 21 январ куни Давос шаҳрида ўтадиган Тинчлик кенгаши низомини имзолаш маросимида иштирок этиш учун Швейцарияга амалий ташриф билан жўнаб кетди. Аввалроқ Ўзбекистон мазкур тузилмага таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклифини қабул қилгани айтилган.
Маълум қилинишича, ташаббуснинг асосий ғояси — Ғазода узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга тайёр давлатларни бир платформа атрофида жамлаб, янги халқаро тузилма шакллантиришдан иборат.
Манбаларга кўра, Тинчлик кенгаши низомига имзо қўйиш маросими айнан Давосда бўлиб ўтиши кутилмоқда, ҳозирча бир қатор давлатлар қўшилишга розилик билдиргани ҳам тилга олинмоқда.
Мирзиёев Трампга йўллаган мактубида ушбу ташаббус Яқин Шарқдаги кўп йиллик можароларга ечим излаш, кенг минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланаётганини таъкидлагани келтирилади.
Энди энг қизиқ нуқта — натижа. Агар янги тузилма қоғозда қолиб кетмай, реал механизмларга айланса, Ўзбекистон учун бу халқаро майдондаги таъсир ва дипломатик иштирокни кучайтириш имкониятига айланиши мумкин. Агар айланмаса — бари PR бўлиб қолиши хавфи ҳам бор. Ҳар икки сценарийда ҳам Давосдаги учрашувлар кейинги ойларда кўп нарсага тон бериши турган гап.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!