Комилов тушунтирди: Ўзбекистон "Тинчлик кенгаши"га нега қўшилди?

Президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгашига қўшилиш қарори ортида нима турганини очиқ айтиб берди. Унинг таъкидлашича, бу қадам, энг аввало, хавфсизлик омиллари ва ташаббус мақсадларининг мамлакат ташқи сиёсат устувор йўналишларига мослиги билан боғлиқ.
Комилов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида қарорга учта асосий омил таъсир қилганини санаб ўтган:
- биринчи — миллий манфаатлар нуқтаи назаридан хавфсизлик,
- иккинчи — Кенгаш мақсад ва вазифаларининг ташқи сиёсат принципларига мослиги,
- учинчи — Яқин Шарқ минтақасида Ўзбекистоннинг ҳаётий муҳим манфаатлари борлиги.
Унинг сўзларига кўра, ташаббус кун тартибидаги энг муҳим йўналишлардан бири Ғазо секторидаги ҳарбий-иқтисодий инқирозни бартараф этиш ва вазиятни тартибга солиш ҳисобланади. Комилов бу ташаббус АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан илгари сурилганини ҳам қайд этган.
Маслаҳатчи Яқин Шарққа эътибор фақат дипломатик ёки иқтисодий манфаатлар билан чекланмаслигини, бу ердаги ўзгаришлар минтақавий, глобал ва миллий хавфсизликка бевосита боғланишини урғулаган. Хусусан, экстремизм таҳдидлари сабаб Ўзбекистон учун бу йўналиш доимий аҳамият касб этиши айтилган: айрим фуқаролар турли экстремистик гуруҳларга қўшилиб, кейин мамлакатга қайтган ҳолатлар кузатилган, давлат эса уларнинг қайтиши ва жамиятга мослашуви учун шароит яратган.
Комилов бу ёндашув халқаро даражада ҳам эътироф этилганини билдириб, БМТ раҳбарияти Ўзбекистоннинг гуманистик сиёсатини юқори баҳолаганига ишора қилган.
Интервюда яна бир муҳим нуқта бор: Яқин Шарқдаги кескинлик Афғонистон хавфсизлигига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Комиловга кўра, муаммоларни юмшатиш учун халқаро ҳамжамият — АҚШ, араб ва мусулмон давлатлари билан бирга Марказий Осиё мамлакатлари ҳам биргаликда ҳаракат қилиши зарур.
Шу контекстда Ўзбекистон раҳбарининг саммитдаги иштироки сиёсий ва рамзий жиҳатдан муҳим экани таъкидланган: бу мамлакатга бўлган ишонч ва унинг халқаро майдондаги нуфузини англатади, деган мазмунда фикр билдирилган.
Маълумот ўрнида, 22 январ куни президент Шавкат Мирзиёев Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Доналд Трамп билан Тинчлик кенгаши бўйича келишувни имзолаган.
Ҳулоса шу: Тошкент бу масалага “тренд” учун эмас, хавфсизлик ва миллий манфаат логикаси билан киряпти. Бу йўл хавфсизликни олдиндан мустаҳкамлаш дегани. Сиёсатда ҳам худди футболдагидек — ўйинни кейин эмас, аввал ўқиш ютқазмасликка яқинроқ қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!