Тошкентда World Aquaticsнинг минтақавий маркази иш бошлади

Тошкентда World Aquaticsнинг минтақавий маркази иш бошлади
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида Сув спорт турлари бўйича жаҳон федерацияси (Ворлд Ақуатикс)нинг минтақавий маркази очилди.
  • Янги сув мажмуаси олимпия стандарти бўйича сузиш ва сувга сакраш ҳавзалари, машғулот заллари ҳамда тиббий-тикланиш ҳудудини ўз ичига олади.
  • Марказ маҳаллий ва минтақавий спортчилар тайёргарлиги, халқаро ҳакам ва мураббийларни тайёрлаш, шунингдек болалар ва ўсмирлар учун дастурларни амалга оширишга хизмат қилади.

Бугун, 24-январ куни Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида Сув спорт турлари бўйича жаҳон федерацияси (World Aquatics)нинг минтақавий марказини очиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир федерация бюроси ижроия қўмитасининг йиғилиши ҳамда World Aquatics президенти ва Осиё Олимпия кенгаши бош директори Ҳусайн Ал-Мусаллам бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида ташкил этилди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.

Маросимда World Aquatics ижроия қўмитаси аъзоси Шаҳноза Мирзиёева, Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон сузиш федерацияси президенти Қудратилла Рафиков, шунингдек АҚШ президентининг глобал ҳамкорлик бўйича махсус вакили Паоло Замполли ва Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид қатнашди.

Марказ жойлашган янги сув мажмуаси олимпия стандарти бўйича сузиш ҳавзаси (50×25 м) ва сувга сакраш ҳавзаси (20×25 м), машғулот заллари ҳамда замонавий тиббий-тикланиш ҳудудини ўз ичига олади. Фахрий меҳмонлар инфратузилмани юқори баҳолаб, мажмуа жаҳон чемпионатлари даражасидаги мусобақаларни ўтказишга тайёрлигини қайд этди.

Мазкур минтақавий марказ Ўзбекистонда сув спорт турларини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда. Аллақачон 2026-йил октябр ойида Тошкентда “Ипак йўли” (Silk Road Tour) доирасида сузиш бўйича Жаҳон кубоги босқичларидан бири ўтказилиши тасдиқланган.

Марказ маҳаллий спортчилар тайёргарлиги билан бирга, бутун минтақадан келадиган сузувчилар учун ҳам профессионал база вазифасини бажаради. Шунингдек, халқаро даражадаги ҳакам ва мураббийларни тайёрлаш йўналишлари ҳам йўлга қўйилади.

Мажмуа фақат профессионал спорт билан чекланмайди: болалар ва ўсмирлар учун дастурлар, аҳолида сузишни оммалаштиришга қаратилган ташаббуслар ҳам шу ерда амалга оширилади. Ҳусайн Ал-Мусаллам Олимпия шаҳарчаси имкониятлари халқаро комиссияда “катта таассурот” қолдирганини таъкидлаб, яқин йилларда бу ерда нуфузли қитъавий мусобақаларни ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилаётганини билдирди.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар