Мирзиёев ва рафиқасини аэропортда Эрдўған билан рафиқаси кутиб олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева билан бирга расмий ташриф доирасида Анқара шаҳрига етиб борди. Олий мартабали меҳмонларни «Эсенбоға» халқаро аэропортида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва рафиқаси кутиб олди.

Қарши олиш маросимида икки давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди. Давлат раҳбарлари ва биринчи хонимлар қисқа мулоқот ўтказиб, Ўзбекистон–Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Ташриф дастурининг асосий нуқтаси — 29 январ куни Анқарадаги Оқсарой қароргоҳида олий даражадаги Ўзбекистон–Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши. Музокараларда сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика, маданият, гуманитар соҳалар ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар атрофлича кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Анқарадаги тадбирлар доирасида Хатай вилояти Арсуз туманида «Ўзбекистон» турар жой мажмуасининг очилиши ҳамда Истанбулда ўзбек мактаби қурилишини бошлашга бағишланган маросимлар ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.
