Хитой компанияси Самарқандда қоғоз заводини қуришни режалаштирмоқда

Хитойнинг «Huanrong Paper» компанияси Самарқанд вилоятида замонавий қоғоз ва картон ишлаб чиқариш заводи қуришни режалаштиряпти, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Компания вакиллари Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев билан бўлиб ўтган учрашувда мазкур инвестиция лойиҳасини муҳокама қилишди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 500 млн доллар бўлиб, беш босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган. Бунинг учун 50 гектардан ортиқ ер майдони талаб этилади. Ҳозирда Ургут эркин иқтисодий зонасининг «Хишрав-2» массивида жойлашган ер участкалари потенциал ҳудуд сифатида кўриб чиқиляпти ва яқин вақт ичида аукцион савдосига қўйилиши режалаштирилган.
Завод Марказий Осиёда ягона бўлиши, лойиҳа доирасида тахминан 3 мингта янги иш ўринлари яратилиши айтиляпти. Давлат бюджети ҳисобига эса йилига 50-60 млн доллар солиқ тушумлари тушиши кутиляпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!