date

"Келажак тадбиркори" дастури ёшларга 7 йиллик кредит беради

"Келажак тадбиркори" дастури ёшларга 7 йиллик кредит беради

Жорий йилдан ёшлар учун янги имконият эшиклари очиляпти: “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилиб, ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли молиялаштириш ажратиш бошланади. Шунингдек, олийгоҳ битирувчилари учун “Менинг биринчи касбим” стажировка дастури ва ҳудудларда “Ёшлар бизнес инкубатори” марказларини ташкил этиш режалаштирилди.

15 фоизли кредитлар кимларга, қанча?

Маълум қилинишича, “Келажак тадбиркори” доирасида ёшлар учун кредитлар йўналишга қараб босқичма-босқич берилади:

  • ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача кредит;

  • тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб, янги бизнес бошлаётганларга 300 миллион сўмгача;

  • ишини кенгайтирмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга 2 миллиард сўмгача;

  • камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга 10 миллиард сўмгача кредит ажратиш кўзда тутилган.

“Менинг биринчи касбим” стажировка дастури

Ёшларнинг меҳнат бозорига “қўрқмасдан” кириб бориши учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда “Менинг биринчи касбим” дастурини ишга тушириш топширилди. Унга кўра, стажировка асосида олийгоҳ битирувчилари ўртасида танлов ўтказилади. Ғолибларга ойига 2 миллион сўмгача стипендия тўлаб бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Нега бизнес инкубатор керак бўляпти?

Учрашувда муҳим муаммо очиқ айтилди: тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларнинг тахминан 30 фоизи бизнес кўникмаси етишмаслиги сабабли қийинчиликка учраётгани қайд этилди. Яъни пул бор, ғоя бор, лекин “қандай қилиб” қисмида тўсиқ кўп.

Шу боис ҳар бир ҳудудда “Ёшлар бизнес инкубатори” ишга туширилиши белгиланди. Бу марказлар ёшларга:

  • тадбиркорликка ўқитиш,

  • ғояни бизнесга айлантириш,

  • бухгалтерия ва банк масалалари,

  • маркетинг,

  • ички ва ташқи бозорга чиқиш
    каби йўналишларда комплекс хизмат кўрсатади.

Қайси ҳудудларда биринчи бўлиб очилади?

Мутасаддиларга ёшлар учун қулай жойларни белгилаш ва марказларни босқичма-босқич очиш вазифаси қўйилди. Бу йил Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент шаҳрида, келгуси йил эса қолган ҳудудларда шундай инкубаторлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Хулоса шу: энди ёшлар “пул топиш қийин” деб тўхтаб қолмаслиги керак — кредит, стажировка ва инкубатор учлиги билан йўл анча очиқ. Энг муҳими, имкониятни “фойдаландим” деган натижага айлантириш — айнан ўз қўлимизда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » "Келажак тадбиркори" дастури ёшларга 7 йиллик кредит беради