Тошкент бекатларидаги дўконлар олиб ташланади

Тошкент шаҳрида автобус бекатлари атрофидаги савдо нуқталарига чек қўйилади — ҳокимлик маълумотича, бекатлардаги дўконлар босқичма-босқич олиб ташланади.
Шаҳар ҳокимлиги бу қарорни халқаро тажриба билан изоҳлаяпти: замонавий бекат концепциясига кўра, бекат ҳудудида савдо объектлари бўлмаслиги керак. Сабаби оддий — йўловчи транспортни эркин ва хавфсиз кутсин, платформа етарлича кенг бўлсин, тирбандлик кучайганда уни кенгайтириш имкони сақлансин, шунингдек, инклюзив муҳит таъминлансин.
Қайд этилишича, пойтахтдаги жамоат транспорти инфратузилмаси бўйича кенг кўламли хатлов ўтказилган. Биринчи босқичда 100 км масофа қамраб олиниб, 360 дан ортиқ бекат ҳамда 190 та катта-кичик чорраҳа кўрикдан ўтказилган.
Аудит натижаларига кўра, бекатлар ўрнида 110 та савдо объекти борлиги аниқланган. Улардан 61 таси бекат мажмуаси ҳудудига эгалик қилиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Энди уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилиши айтилмоқда.
Шаҳар маъмуриятининг тегишли қарори асосида барча бекатлар янгиланиши режалаштирилган. Рухсат берувчи ҳужжатлари бор тадбиркорлар учун эса савдо нуқталарини кўчириш мақсадида бошқа жой ажратиш ва компенсация тўлаш механизми ҳам кўзда тутилган.
Қисқаси, бекатлар “бозорча” эмас, ҳақиқий жамоат транспорти учун қулай ва хавфсиз майдонга айлантирилиши кутилмоқда.