Маҳкума аёлларни жамиятга қайтариш бўйича янги дастур бошланади

Президентимиз ўтказилган тадбирда жамиятда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларига қарши муросасиз муҳит яратиш стратегик вазифа эканлигини таъкидлади. Давлат раҳбари бу борада янги фармон имзоланганини маълум қилиб, эндиликда зўравонликка қарши қатъий тизим асосида кураш олиб борилишини қайд этди.
Шунингдек, турли сабаблар билан жиноятга қўл урган аёлларни ижтимоий ҳаётга қайтариш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Кўплаб маҳкума аёлларнинг касбий кўникмалари йўқлиги инобатга олиниб, улар учун махсус «Янги ҳаёт» дастури йўлга қўйилади. Ушбу дастур доирасида аёллар 3 дан 6 ойгача бўлган муддатда касбга ўқитилиб, тегишли сертификатларга эга бўладилар.
Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган аёлларга олий таълим олиш имконияти ҳам яратилади. Улар муассасанинг ўзида имтиҳон топшириб, масофавий таълим шаклида ўқишлари мумкин бўлади. Контракт тўловларини амалга ошириш учун эса маҳкума аёлларга жазони ўтаб, ишга жойлашгандан сўнг қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилиши режалаштирилган. Бу чоралар аёлларнинг жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида қайта шаклланишига хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!