Ўзбекистонда помидор, картошка ва олма нархи ошди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг феврал ойида инфляция 0,6 фоизни ташкил этди.
Ой давомида айрим мева-сабзавотлар нархида ўсиш қайд этилди. Хусусан, помидор 12,1 фоизга қимматлади. Бу кўрсаткич 2025 йил феврал ойига нисбатан 12,5 фоизга паст бўлган. Қовоқ нархи 11,7 фоизга ошган бўлса, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 57,1 фоизга арзон ҳолатда қолган.
Шунингдек, картошка 5,0 фоизга қимматлаб, 2025 йил феврал ойига нисбатан 2,0 фоизга юқори қайд этилди. Булғор қалампири 4,2 фоизга, олма 4,1 фоизга, лимон 3,6 фоизга, банан 3,0 фоизга ошди. Сабзи ва карам нархи ҳам 1,8 фоиздан кўтарилди.
Қиёсий рақамларда олма 2025 йил феврал ойига нисбатан 12,4 фоизга, лимон 90,0 фоизга, банан 2,4 фоизга, сабзи 8,8 фоизга ва карам 10,6 фоизга юқори бўлди.
Айни пайтда айрим маҳсулотларда пасайиш ҳам кузатилди. Жумладан, бодринг 13,8 фоизга арзонлади. Мандарин 5,6 фоизга, апелсин 5,4 фоизга, лавлаги 1,7 фоизга тушди. Пиёз нархи эса 0,9 фоизга пасайган.
Йиллик таққослашда бодринг 13,0 фоизга арзон бўлган бўлса, мандарин 15,8 фоизга, апелсин 6,8 фоизга, лавлаги 8,3 фоизга қиммат ҳолатда қайд этилди. Пиёз эса 2025 йил феврал ойига нисбатан 3,0 фоизга паст бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!