Дорихоналарда қоидаларни бузганлик учун жарималар оширилди

Ўзбекистонда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича сотиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик чоралари сезиларли даражада кучайтирилди. Қонунчиликка киритилган янги ўзгартиришларга кўра, эндиликда дорихона ходимлари томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар учун жарималар миқдори икки бараварга оширилди. Агар аввал ушбу ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима белгиланган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 100 бараваридан 200 бараваригача этиб белгиланди. 2026 йил март ойи ҳолатига кўра, мамлакатимизда базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўмни ташкил этишини инобатга олсак, қоидабузарлар жуда катта миқдордаги жарималарни тўлашларига тўғри келади.
Шунингдек, қонунчиликда такрорий ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик ҳам қатъийлаштирилди. Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки дори воситаларини кўп миқдорда ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланса, айбдор шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 300 бараваригача жарима солиниши мумкин. Бундан ташқари, суд томонидан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгилаб қўйилди. Илгари жиноий жавобгарлик доирасидаги жарималарнинг энг кам миқдори 100 бараварни ташкил этган бўлса, янги тартиб бу борадаги назоратни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Ушбу чора-тадбирлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, ёшлар ўртасида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланишини олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда. Давлат органлари дорихоналарда дори воситаларининг рецепт асосида берилиши устидан назоратни кучайтириб, қонунбузарликларга қарши муросасиз кураш олиб боришни мақсад қилган. Фуқаролардан дори воситаларини харид қилишда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш ҳамда шифокор тавсиясисиз кучли таъсир қилувчи воситаларни истеъмол қилмаслик сўралади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!