date

Кибержиноятлар авж олмоқда: жазо чораларини кучайтириш таклиф этилди

Кибержиноятлар авж олмоқда: жазо чораларини кучайтириш таклиф этилди

12 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кибержиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда рақамли маконда содир этилаётган жиноятлар кўлами сўнгги йилларда жиддий равишда ошиб бораётгани қайд этилди.

Маълум қилинишича, сўнгги олти йил давомида кибержиноятлар бўйича келиб тушган мурожаатлар сони 48 бараварга ошган. Айниқса, ўтган йил статистикаси бу соҳадаги хавф тобора кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Жумладан, содир этилган фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирлик жиноятларининг эса 76 фоизи айнан кибермакон орқали амалга оширилган. Бу каби ноқонуний ҳаракатлар натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган умумий моддий зарар 2 триллион сўмдан ошиб кетгани алоҳида таъкидланди.

Тақдимот давомида мутахассислар ва масъул идоралар томонидан шундай турдаги жиноятлар учун жавобгарликни янада кучайтириш вақти келгани қайд этилди. Хусусан, ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган жиноятлар ҳамда кўплаб фуқароларни молиявий зарарга учратаётган “молиявий пирамида” каби схемаларга қарши жазо чораларини қатъийлаштириш таклиф қилинди.

Шунингдек, фуқароларнинг шахсий масъулиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таклифларга кўра, ўз номига расмийлаштирилган электрон тўлов воситалари, криптоҳамёнлар, SIM-карталар ёки турли электрон аккаунтлардан кибержиноят содир этишда фойдаланилишига йўл қўйган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу орқали рақамли воситалардан фойдаланишда фуқароларнинг шахсий назорати ва масъулиятини ошириш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, юридик шахслар томонидан ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаслик ҳолатлари учун ҳам маъмурий жавобгарликни белгилаш таклиф этилди. Чунки рақамли хизматлар кенгайиб бораётган бир пайтда маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш долзарб вазифага айланмоқда.

Айниқса, масофавий молиявий хизматлар кўрсатувчи банк тизимида хавфсизлик чораларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда учта банк тизимидаги техник заифликлар туфайли 3025 нафар мижозга 17 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Шу нуқтаи назардан, тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотлари ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя қилмагани оқибатида содир этилган кибержиноятлар натижасида юзага келган моддий зарар учун жавобгар бўлишини қонунан мустаҳкамлаш ташаббуси илгари сурилди.

Мутахассислар фикрича, бундай чоралар рақамли иқтисодиёт жадал ривожланаётган шароитда фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш, интернет орқали содир этиладиган жиноятларни кескин камайтириш ҳамда жамиятда ишончли рақамли муҳит яратишга хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Кибержиноятлар авж олмоқда: жазо чораларини кучайтириш таклиф этилди