22 май куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида кучли ёмғир кутилмоқда

“Ўзгидромет” 22 май, жума куни учун навбатдаги об-ҳаво маълумотини эълон қилди. Синоптикларга кўра, республиканинг бир қатор ҳудудларида ёмғир ёғиши, айрим жойларда эса кучли ёғингарчилик, момақалдироқ ва шамол кучайиши кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгарувчан бўлади, вақти-вақти билан ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши эҳтимол қилинмоқда. Шамол ғарбдан 3–8 метр/секунд тезликда эсади, айрим вақтларда 10–12 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси 17–19 даража, кундузи эса 24–26 даража атрофида бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида асосан қуруқ об-ҳаво сақланади. Бироқ шамол тезлиги баъзи ҳудудларда 13–18 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин. Кундузи ҳаво 27–32 даражагача исийди.
Бухоро ва Навоий вилоятларида эса айрим жойларда ёмғир ёғиши, баъзи ҳудудларда кучли ёғингарчилик ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Шамол кучайиши ва чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам ёмғир ёғиши, айрим ҳудудларда кучли бўлиши айтилмоқда. Шунингдек, момақалдироқ ва шамолнинг кучайиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кундузи 22–27 даража атрофида бўлади.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгарувчан бўлиб, баъзи жойларда ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Фарғона водийси — Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам айрим ҳудудларда кучли ёмғир ёғиши прогноз қилинган.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида эса вазият нисбатан хавотирлироқ. Бу ерларда кучли ёмғир, шамол тезлиги ошиши ҳамда сел-сув тошқини хавфи сақланиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!