МЧЖлар учун янги қонун корпоратив тизимни янгилайди

Ўзбекистонда масъулияти чекланган жамиятлар (МЧЖ) фаолиятини тартибга солувчи янги таҳрирдаги қонун қабул қилиниб, у расмий эълон қилинган санадан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланди.
Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонун (ЎРҚ–1137-сон, 2026 йил 21 апрель) давлат раҳбари томонидан имзоланган. Ҳужжат соҳада узоқ вақтдан буён кутилаётган ислоҳотларнинг амалий босқичини бошлаб беради.
Қонунга мувофиқ, МЧЖлар фаолиятида замонавий корпоратив бошқарув тамойиллари жорий этилади, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқлар босқичма-босқич бартараф этилади ҳамда иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва кафолатлари сезиларли даражада мустаҳкамланади.
Ҳужжат 71 та моддадан иборат бўлиб, уни ишлаб чиқишда маҳаллий ва хорижий экспертлар таклифлари, жамоатчилик фикрлари ҳамда халқаро илғор тажрибалар кенг инобатга олинган.
Янгиликлар қаторида кузатув кенгашининг ваколатлари аниқ ва батафсил тартибга солинади, аъзоларни сайлаш механизми шаффофлаштирилади. Шунингдек, кенгаш қарорларини масофадан ва сиртдан овоз бериш орқали қабул қилиш имконияти ҳам киритилмоқда.
Яна бир муҳим ўзгариш — кузатув кенгаши аъзолари ҳамда ижро органлари учун фидуциар мажбуриятлар жорий этилиши бўлиб, бу уларнинг жавобгарлиги ва шаффофлигини оширади.
Қонунга кўра, эндиликда МЧЖлар фақат лицензия асосида эмас, балки айрим ҳолларда рухсат этувчи ҳужжатлар ёки хабар бериш тартиби орқали ҳам фаолият юритиши мумкин бўлади.
Шунингдек, жамиятларнинг филиал ва ваколатхоналарини ташкил этиш, шуъба ва қарам корхоналарни очиш тартиби илк бор алоҳида ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!