date

Ресторанларда алкогол учун нақд тўлов қайта жорий этилиши мумкин

Ресторанларда алкогол учун нақд тўлов қайта жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда умумий овқатланиш нуқталари, кафе-ресторанлар ҳамда меҳмонхоналарда алкогол маҳсулотлари учун нақд пул орқали тўлов қилиш имкониятини қайта тиклаш масаласи муҳокама қилинмоқда.

21 апрель куни соҳа тадбиркорлари билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида ушбу мавзу кўтарилди. Учрашувда иштирок этган тадбиркорлар амалдаги фақат нақдсиз тўлов тизими айниқса хорижий сайёҳлар билан ишлашда қийинчиликлар келтириб чиқараётганини таъкидлади.

Солиқ қўмитаси раҳбари Фаррух Пўлатов бу муаммога муносабат билдириб, яқин вақт ичида ечим топилиши ва амалдаги тартиб қайта кўриб чиқилишини маълум қилди. Унинг айтишича, айрим техник ва ташкилий камчиликлар сабабли мижозлар учун ноқулай вазиятлар юзага келмоқда.

“Бу – бизнинг айбимиз, эътиборсизлигимиз. Бу бўйича ишлаяпмиз ва яқин кунларда ечим тақдим этамиз – тўғрилаб берамиз”, – деди у.

Ҳозирги тизимда овқат учун нақд тўлов амалга оширилиши мумкин бўлса-да, алкогол маҳсулотлари фақат банк карталари орқали сотилаётгани ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Бу ҳолат туристлар учун ҳам тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳобов ҳам бу тартиб туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, баъзи сайёҳлар нақд тўлов қила олмаслиги сабаб хизматдан воз кечиб, мамлакатни тарк этиш ҳолатлари ҳам учрамоқда:

“Агар хорижий сайёҳ меҳмонхонада спиртли ичимликларни нақд пулга сотиб олмоқчи бўлса, у Uzcard ёки Humo картасини очиш учун банкка боришига тўғри келади. Натижада ичишни хоҳлаган сайёҳ ичгиси ҳам келмай қолиб, самолётга ўтириб, орқасига қайтиб кетяпти”.

Маълум қилинишича, Солиқ қўмитаси томонидан мазкур масала бўйича махсус ҳужжат лойиҳаси тайёрланган. Унга кўра, ресторан ва меҳмонхоналарда алкогол маҳсулотлари учун ҳам нақд, ҳам нақдсиз тўлов шаклларини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Ҳозирда ҳужжат тегишли идоралар билан келишув босқичида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишда фақат нақдсиз тўлов тизими жорий этилган эди. Янги ташаббус ушбу тартибни қисман юмшатишга қаратилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ресторанларда алкогол учун нақд тўлов қайта жорий этилиши мумкин