date

Шавкат Мирзиёев Боғимайдондаги ободлик ва ҳаёт сифати билан танишди

Шавкат Мирзиёев Боғимайдондаги ободлик ва ҳаёт сифати билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Боғимайдон маҳалласида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Мазкур ташриф маҳаллаларни комплекс ривожлантириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасидаги ислоҳотларнинг амалдаги натижаларини кўрсатди.

1987 йилда ташкил этилган ушбу маҳаллада бугунги кунда 41 та кўп қаватли уй ва 1 минг 990 та хонадон мавжуд бўлиб, қарийб 5,5 минг нафар аҳоли яшаб келмоқда. Сўнгги йилларда ҳудудда амалга оширилган ободонлаштириш ва модернизация ишлари натижасида маҳалла замонавий ва қулай яшаш масканига айланган.

Хусусан, аҳоли, айниқса ёшлар ва болалар учун кенг имкониятлар яратилган. Ҳудудда 20 та болалар ўйин майдончаси, 11 та воркаут зонаси, 3 та мини-футбол майдони ҳамда теннис корти барпо этилган. Шунингдек, икки нафар мактабгача таълим муассасаси қарийб 500 нафар болани қамраб олгани маҳаллада таълим ва тарбияга ҳам катта эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Маҳаллада иқтисодий фаолликни кучайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи ҳам эътибор марказида. Бугунги кунда бу ерда 70 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Ёшлар бандлиги масаласида ҳам ижобий натижалар кузатилмоқда — 1 048 нафар ёшдан 949 нафари иш билан таъминлангани бу борадаги самарали ишлардан далолат беради.

Ҳудудда 2022 йилда ташкил этилган экобоғ ҳам аҳолининг дам олиши ва табиат бағрида вақт ўтказиши учун қулай масканга айланган. Шунингдек, “Нуронийлар маскани” фаолияти маҳалла ҳаётида катта аҳамият касб этиб, катта авлод вакилларининг фаол иштирокини таъминламоқда.

Президентга маҳаллада хавфсизликни таъминлаш бўйича жорий этилган замонавий ечимлар ҳам тақдим этилди. Хусусан, турар жойлар кириш қисмлари видеокузатув тизимлари ва қўриқлаш пультлари билан жиҳозланган. Кириб-чиқиш ҳаракатлари ва автотранспорт воситалари замонавий рақамли технологиялар орқали доимий назорат қилиб борилмоқда. Бу эса аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Давлат раҳбари маҳалла аҳли учун яратилган шароитларни кўздан кечирар экан, маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари билан самимий мулоқот қилди. У обод ва файзли маҳалла жамиятнинг мустаҳкам таянчи эканини таъкидлаб, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ижтимоий бирдамликни сақлаш ҳар доим устувор вазифа бўлиб қолишини алоҳида қайд этди.

Ташриф давомида Президент маҳаллада ўтказилаётган сумалак сайлида ҳам иштирок этди. Бу ерда у маҳалла аҳли, айниқса ёшлар ва болалар билан самимий суҳбат қуриб, миллий қадриятларни асраш ва авлодлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, спорт майдончасида машғулот олиб бораётган ёшлар билан учрашувда жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзининг инсон камолотидаги ўрни алоҳида эътироф этилди. Президент ёшларни фаолликка, спорт билан шуғулланишга ва соғлом ҳаёт тарзини танлашга чақирди.

Умуман олганда, Боғимайдон маҳалласи мисолида амалга оширилаётган ишлар шаҳар муҳитини яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва замонавий яшаш стандартларини шакллантириш борасидаги ислоҳотларнинг самарасини яққол намоён этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Боғимайдондаги ободлик ва ҳаёт сифати билан танишди