Дам олиш кунлари илиқ об-ҳаво, айрим жойларда ёмғир кузатилади

Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб яқинлашиб келаётган дам олиш кунларида об-ҳаво шароити асосан барқарор ва ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда. “Ўзгидромет” тақдим этган маълумотларга кўра, ҳафтанинг иккинчи ярмида мамлакат аҳолисини илиқ ва қулай иқлим кутиб турибди.
Жума куни кундузи республика бўйича қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво ҳукм суради. Ҳаво ҳарорати ўртача +24…+27 даража атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Жанубий ҳудудлар ва чўл минтақаларида эса ҳарорат янада кўтарилиб, +29…+32 даражагача етиши мумкин. Бу эса баҳорнинг ҳақиқий иссиқ нафаси сезилаётганини англатади.
Шанба куни об-ҳаво бироз ўзгариши мумкин. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий қисми ва Фарғона водийсида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Якшанба куни эса Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида ҳам шундай ёғингарчиликлар кузатилиши мумкин. Баъзи жойларда момақалдироқ ҳам бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Ҳарорат кўрсаткичлари эса анча юқори бўлиб қолади. Шанба куни кундузи ҳаво +28…+31 даражагача исийди, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларда эса +32…+35 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Якшанба куни ҳам аксарият вилоятларда ана шу даражалар сақланиб қолади. Фақат Қорақалпоғистон ва Хоразмда ҳарорат бироз пасайиб, +20…+23 даражагача тушиши мумкин. Шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам салқинлашиб, +25…+28 даража атрофида бўлади.
Шамол масаласига келсак, 24–25 апрель кунлари шимолий ва чўл ҳудудларда, 26 апрел куни эса республика бўйлаб айрим жойларда шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача кучайиши мумкин. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, шунинг учун эҳтиёткорликни ошириш тавсия этилади.
Пойтахт Тошкент шаҳрида ҳам об-ҳаво асосан қулай бўлади. Жума ва шанба кунлари ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат +25…+27 даража атрофида сақланади. Якшанба куни эса куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шу билан бирга шамол тезлиги 10–12 метр/сониягача кучайиши кутилмоқда.
Умуман олганда, дам олиш кунлари давомида ҳаво ҳарорати +27…+30 даража атрофида бўлиб, кечалари +14…+17 даражагача тушади. Бу эса табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, сайр қилиш ва оила билан вақт ўтказиш учун анча қулай шароит яратади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!