00:06 / 03.06.2017
8 575

Ш.Мирзиёев: чорвачилик сердаромад соҳа эканини унутмайлик

Ш.Мирзиёев: чорвачилик сердаромад соҳа эканини унутмайлик
Мамлакатимизда кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Бахт имкон ривож чорваси» ана шундай эътибор натижасида ривож топаётган хўжаликлардан бири. ЎзА шу ҳақида хабар берди.

Бу ерда 2 минг бошга яқин зотли қорамол, 300 бош наслли эчки боқилмоқда. Илғор технологиялар асосида иш ташкил этилган хўжаликда маҳсулдорлик жуда юқори. Ҳар бир сигирдан кунига 25-28 литр, эчкидан 3-3,5 литр сут соғиб олинмоқда. Умуман, хўжалик томонидан сутни қайта ишлаш корхоналарига бир кеча-кундузда қарийб 20 тонна сут етказиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. Германиядан келтирилган зотдор эчкиларни боқиш жараёни, юртимиз иқлимига мослашиши билан қизиқди.

Эчки сутининг сифати юқорилиги кўпчиликка маълум. Эчки сути тиббий хусусиятларга эга бўлиб, ошқозон касалликлари, камқонлик, кўз нурининг пасайишининг олдини олиш ва диатезда фойдалидир.

Эчки сути узоқ вақт яхши сақланади. У хона ҳароратида уч кун, музлатгичда бир ҳафтадан кўп вақт давомида ўз хусусиятини йўқотмайди. Эчки сутида кўп миқдорда калий бўлиб, бу юрак-нафас олиш тизими фаолиятини яхшилайди.

Фермер хўжалигида қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида янги лойиҳалар амалиётга татбиқ қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарига кўрсатилган лойиҳага кўра, 700 бош наслли эчки олиб келиш орқали янги тармоқ йўлга қўйилади. Истиқболи юқори баҳоланаётган мазкур лойиҳани жорий йилда ишга тушириш мўлжалланмоқда.

Чорвачилик сердаромад соҳа ҳисобланади, буни унутмайлик, деди давлатимиз раҳбари. Шифобахш бўлган эчки сутига нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам талаб юқори. Тумандаги ҳар бир хонадонга иккитадан эчки тарқатиш зарурлиги таъкидланди.

Фермер хўжалиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Вилоятнинг Улуғнор туманидан фермер хўжалигига 300 гектар ер ажратилди. Бу ернинг 200 гектарига ёнғоқ, 100 гектарига унаби экилиб, томчилатиб суғориш технологияси йўлга қўйилади.

Мазкур фермер хўжалигининг яна бир истиқболли лойиҳаси биогаз ишлаб чиқариш тармоғидир. Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий технологиялар ёрдамида йилига 600 минг куб метр биогаз ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушгач, 40 янги иш ўрни яратилади.

Президентимиз лойиҳалар доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан тегишли тавсиялар берди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ш.Мирзиёев: чорвачилик сердаромад соҳа эканини унутмайлик