08:18 / 08.06.2017
6 756

Марказий банкнинг янги раиси ҳақида нималарни биламиз?

Марказий банкнинг янги раиси ҳақида нималарни биламиз?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига кўп йиллардан бери раҳбарлик қилиб келаётган Ф.Муллажонов 23 май куни тўсатдан вафот этгач, ушбу лавозим вакантлигича қолиб келаётган эди.

6 июндан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида янги раис — Мамаризо Нурмуродов иш бошлади. Сўнгги 11 йил давомида Марказий банк раисининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган сенатор Мамаризо Нурмуродовни банк бошқаруви раислигига тайинлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев таклифи Сенат томонидан маъқулланди, деб ёзмоқда Кун.уз нашри.

Банк-молия соҳасида фаолият юритувчи кишиларнинг айтишича, Нурмуродов яхши инсон, эски ва ўрта авлодга мансуб молиячи. Банкир ва иқтисодчилар уни банкир эмас, устоз, деб билади. Чунки Нурмуродовнинг катта ҳаётдаги катта қадамлари мустақиллик бошида эндигина ташкил этилган Молия институтидан бошланган.

Ҳали республикада бозорга асосланган иқтисодиёт илми бўлмаган бир даврда Молия институтида бутун бир мактабни яратган. Кейинчалик, балки унинг назарий ва академик билимлари ҳисобга олиниб, аввал Марказий банкнинг илмий тадқиқотлар марказига ишга олинган, кейин анча йиллар Марказий банк бошқарувида бўлган.

Кўпчилик эслай олмаса керак, 1993 йилда сўм-купоннинг муомалага киритилиши, 1994 йилда миллий валюта — сўмнинг жорий этилишига бош бўлган ислоҳотчилардан бири айнан Нурмуродов эди. Кейин йиллар ўтиб Молия вазири бўлган даврда унинг бошчилигида Халқаро валюта жамғармаси билан маълуму машҳур Меморандум тайёрланган ва сўмнинг тарихда илк марта эркин конвертацияланиши юз берган.

У яқиндагина ташкил этилган импорт таркибини инвентаризациялаш бўйича комиссияга (халқ тилида конвертацияга тайёргарлик вазирлиги) бежизга раҳбар этиб тайинланмади. Чунки барча даврларда, балки унинг кучли назариётчи экани, қарор қабул қилиш бозор мафкурасига таяниши ҳисобга олиниб, энг оғир, энг «номуносиб» участкаларга масъул қилишган.

Шу пайтгача Нурмуродов ўзига юкланган барча вазифаларнинг ҳаммасини уддалаб келган, бунисини ҳам аъло даражада уддалайди, деб ишонч билан айтиш мумкин. Банк соҳасида эса туб ислоҳотлар, оғир, лекин зарурий ислоҳотлар ўтказилиши мумкин.

Мамаризо Нурмуродов шу кунга қадар Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритиб келган. Шунингдек, 2004–2006 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Марказий банкнинг янги раиси ҳақида нималарни биламиз?