Ҳоким ёрдамчилари учун ўқув маркази ташкил этилади

Ҳоким ёрдамчилари учун ўқув маркази ташкил этилади

Ҳоким ёрдамчиларини “лойиҳабай” ишлаш тизимига ўқитиш учун икки ой ичида махсус ўқув маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг Telegram каналида маълум қилинди.

Марказда ҳоким ёрдамчилари ҳудудлардаги имконият ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, аниқ лойиҳалар билан ишлашга ўргатилади. Ўқув жараёнига хориждан мутахассисларни жалб қилиш ҳам режалаштирилган.

Вилоят штаблари йил якунига қадар ҳар бир тумандан энг яхши икки нафар ҳоким ёрдамчисини Хитой, Япония ва Туркияга малака ошириш учун юбориши белгиланган.

Шунингдек, энг намунавий фаолият кўрсатган ҳоким ёрдамчиларига алоҳида малака даражаси берилади. Уларга лавозим маошига 50 фоизгача устама тўланиши кўзда тутилмоқда.

Маҳаллаларда фаолият юритувчи банк ходимларини ҳам шу тартибда ўқитиш ва улар учун хорижий стажировкалар ташкил этиш топширилди.

Бош прокуратурага эса банк ходимлари ва ҳоким ёрдамчиларининг мустақил қарор қабул қилишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга кўмаклашиш вазифаси юклатилди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар