Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишидаги янги талабларни очиқлади (видео)

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишидаги янги талабларни очиқлади (видео)
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент лойиҳаси доирасида ҳар бир вилоятга 100 гектардан ер ажратилиши ҳамда уларнинг консептуал лойиҳаси ва архитектура режасини шахсан тасдиқлатиши шартлигини маълум қилди.
  • Вилоят ҳокимлари ҳар ойда камида 5 кун Янги Тошкентда бўлиб, қурилиш жараёнларини назорат қилиши лозим.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг энг йирик ва стратегик шаҳарсозлик ташаббуси бўлган Янги Тошкент лойиҳаси бўйича муҳим ва тарихий қарорни маълум қилди. Унга кўра, республиканинг ҳар бир вилоятига янги шаҳар ҳудудидан 100 гектардан ер майдони ажратилади.

Ушбу ташаббус ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос маданияти, иқтисодий салоҳияти ва меъморий қиёфасини пойтахтнинг янги марказида мужассам этишга қаратилган.

Ҳокимлар олдига қўйилган қатъий талаб ва янги тартиб

Янги ер майдонларини ўзлаштириш ва қурилиш ишларини ташкил этиш бўйича вилоятлар раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди:

  • Лойиҳа ва архитектура тасдиғи: Ҳар бир вилоят ҳокими ўз ҳудудига тегишли 100 гектарлик майдоннинг концептуал лойиҳаси ва архитектура режасини шахсан давлат раҳбарига тақдим этиши ҳамда тасдиқлатиши шарт. Қурилиш ишлари фақат шундан сўнг бошланади;

  • Ойига 5 кунлик фаолият: Вилоят ҳокимларига мунтазам равишда — ҳар ойда камида 5 кун давомида Янги Тошкентнинг ўзида бўлиб, қурилиш ва ривожланиш жараёнларини бевосита жойида назорат қилиш вазифаси белгиланди.

«Бу тарих, 50-100 йилдан кейин раҳмат дейишсин»

Давлат раҳбари ушбу бунёдкорлик лойиҳасининг нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар учун нақадар буюк аҳамиятга эга эканига алоҳида урғу берди:

«Бу Янги Ўзбекистон, бу тарих. 50 йил, 100 йилдан кейин одамлар “отасига раҳмат, ўша команда шундай замин яратиб кетган экан”, деган фикрда бўлиши керак», — дея таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

Янги Тошкентда ҳар бир вилоятга ажратилаётган ҳудудлар бутун мамлакат минтақаларини ягона марказ билан боғловчи, ҳудудларнинг инвестициявий ва туризм жозибадорлигини оширувчи улкан маданий-иқтисодий масканга айланиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар